Logo

Тошкентда 600 мингдан ортиқ квартира қайта баҳоланди

Бугун 14:513 дақиқа

Уларнинг умумий қиймати амалдаги кадастр баҳосидан 7 баравардан кўпроқ ошиб, 426,7 трлн сўмни ташкил этди.

Тошкентда 600 мингдан ортиқ квартира қайта баҳоланди © vaqt.uz

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги Тошкент шаҳрида кўчмас мулк объектларини оммавий баҳолашнинг дастлабки натижаларини тақдим этди. Бу ҳақда 14-август куни вазирликда журналистлар билан ўтказилган очиқ мулоқотда маълум қилинди.

Оммавий баҳолаш тизимини босқичма-босқич жорий этиш давлат раҳбарининг 2025-йил 5-мартдаги 43-сонли фармонида белгиланган. Тизимнинг биринчи босқичи 2025–2026 йилларда тажриба тариқасида Тошкент шаҳрида амалга оширилмоқда.

Квартиралар қиймати 57,8 трлн сўмдан 426,7 трлн сўмга чиқди

Дастлабки натижаларга кўра, пойтахтда 600 мингдан ортиқ квартира баҳоланган.

Уларнинг амалдаги кадастр қиймати 57,8 трлн сўмни ташкил этган бўлса, оммавий баҳолаш натижасида бу қиймат 426,7 трлн сўм деб белгиланган.

Шу тариқа, баҳолаш натижасида квартираларнинг умумий қиймати амалдаги кадастр қийматига нисбатан қарийб 7,4 баравар юқори чиққан.

Ҳовли-жойлар қиймати 14 бараварга яқин ошди

Шунингдек, Тошкентда 213 мингдан ортиқ ҳовли-жой қайта баҳоланган.

Уларнинг амалдаги кадастр қиймати 39,1 трлн сўм бўлган. Оммавий баҳолашдан кейин эса мазкур объектларнинг қиймати 548,4 трлн сўм деб белгиланган.

Бу амалдаги кадастр қийматига нисбатан қарийб 14 баравар кўп.

Квартиранинг бир квадрат метри 35,8 млн сўмгача баҳоланган

Баҳолаш натижалари пойтахт ҳудудлари кесимида кўчмас мулк қиймати ўртасида сезиларли фарқ борлигини ҳам кўрсатган.

Жумладан, квартираларнинг 1 квадрат метри қиймати 4,6 млн сўмдан 35,8 млн сўмгача бўлган.

Бир сотих ер участкаси қиймати эса ҳудудга қараб 115 млн сўмдан 890 млн сўмгача баҳоланган.

Мулкдорлар натижаларни қайта кўриб чиқишни сўраши мумкин

Оммавий баҳолашнинг дастлабки натижалари 60 кун давомида жамоатчилик муҳокамасига қўйилади.

Мулкдорлар баҳолаш натижалари ва ҳисоб-китобларда фойдаланилган маълумотлар билан танишиш, зарур тушунтиришларни олиш ҳамда натижаларни қайта кўриб чиқишни сўраш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, мулкдорлар оммавий баҳолашда аниқланган қийматни мустақил баҳолатиш учун баҳоловчи ташкилотни жалб қилиши мумкин.

Янги қиймат солиқларга ҳам таъсир қилиши мумкин

43-сонли фармонга кўра, Тошкентдаги экспериментнинг дастлабки натижаларидан келиб чиқиб, оммавий баҳолашдан ўтказилган мол-мулк ва ер участкалари учун мол-мулк ва ер солиғи бўйича солиқ солинадиган базани қайта белгилаш, шунингдек, солиқ ставкаларини пасайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

Яъни оммавий баҳолаш натижасида аниқланган янги қийматлар келгусида солиқ солиш тартибига ҳам таъсир қилиши мумкин.

Нега оммавий баҳолаш жорий этилмоқда?

Фармонда тизимни жорий этишдан бир нечта мақсад белгиланган.

Жумладан, республикадаги 8 млндан ортиқ турар ва нотурар жойлар ҳамда қарийб 7 млн ер участкасининг иқтисодий актив сифатидаги қийматини аниқлаш кўзда тутилган.

Шунингдек, кўчмас мулк объектининг солиқ солиш, олди-сотди қилиш, гаровга қўйиш, жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ва бошқа ҳолатларда аниқланадиган қийматлари ўртасида мутаносибликни таъминлаш мақсад қилинган.

Бундан ташқари, кўчмас мулк бозорига оид ишончли, тўлиқ ва мунтазам янгиланиб борадиган ахборот базасини яратиш, солиқ солишда адолатлилик тамойилини янада кенг жорий этиш режалаштирилган.

Тизим қачон бошқа ҳудудларга жорий этилади?

Оммавий баҳолаш ишлари 2025–2026 йилларда эксперимент тариқасида Тошкент шаҳрида ўтказилмоқда.

2026–2027 йилларда тизимни Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларида, 2027-йил ва ундан кейинги йилларда эса қолган ҳудудларда жорий этиш режалаштирилган.

Теглар

Мавзуга оид