Тошкентда автобус йўловчилари оқими 2 миллионга етказилади

Бугун 12:562 дақиқа

Тошкент шаҳрида 2026 йил охиригача 16 та янги автобус йўналиши очилиши режалаштирилмоқда. Ҳокимлик йил якунигача кунлик йўловчилар оқимини 2 миллион кишига етказишни мақсад қилган.

Тошкентда автобус йўловчилари оқими 2 миллионга етказилади © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Тошкентда автобус йўловчилари сони 2 миллионга етказилади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимининг транспорт ва йўл инфратузилмаси масалалари бўйича ўринбосари Абдураҳмон Бахтиев “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг айтишича, ҳозирги вақтда пойтахтда 169 та йўналишда 1900 та автобус ҳаракатланмоқда. Бироқ аҳоли сони ва транспортга бўлган талаб ортиб бораётгани сабабли мавжуд автобуслар етарли эмас.

“Бугунги кунда кунлик йўловчилар оқими 1,4 миллион кишини ташкил этмоқда. Йил охиригача бу кўрсаткични 2 миллионга етказиш салоҳиятига эгамиз”, — деди Бахтиев.

7 май куни Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудларда жамоат транспортини яхшилаш юзасидан ўтказилган тақдимот билан танишганди. Йиғилишда транспорт тизимини рақамлаштириш, ҳудудий диспетчерлик марказларини ташкил этиш, нақд пулсиз тўловларни кенгайтириш ва ушбу тажрибани бошқа соҳаларга жорий қилиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Шунингдек, пойтахтда жорий этилган брутто-шартнома тизими самара бергани таъкидланди. Энди мазкур тажрибани Тошкент шаҳрини Тошкент вилояти билан боғлайдиган автобус йўналишларида ҳам қўллаш имконияти кўриб чиқилмоқда.

Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов Урганчда амал қилаётган брутто-шартнома тизимини Хива шаҳрида ҳам жорий этиш бўйича топшириқ берилганини маълум қилди.

Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимов эса сўнгги икки йилда тадбиркорлар томонидан 245 та транспорт воситаси, жумладан 165 та автобус ва 80 та микроавтобус сотиб олинганини айтди.

Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаевнинг билдиришича, автобус импортчилари учун утилизация йиғимидан озод қилиш имтиёзи узайтирилгани сабабли тадбиркорлар 230 дан ортиқ автобус олиб келиш ва қўшимча 14 та йўналиш очишни режалаштирмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Тошкентда автобус йўловчилари оқими 2 миллионга етказилади | Vaqt.uz