add

Тошкентда автобусларнинг турнақатор навбатда туришига изоҳ берилди

Бугун 12:151752 дақиқа

Тошкент шаҳрида тунда автобусларнинг метан қуйиш шохобчаларида узоқ навбатга туриб қолгани ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлди. «Тошшаҳартрансхизмат» ушбу ҳолат газ таъминотидаги мавсумий чекловлар билан боғлиқ эканини маълум қилди.

Тошкентда автобусларнинг турнақатор навбатда туришига изоҳ берилди

Сўнгги кунларда Тошкентда автобусларнинг метан «запраправка»ларда тунда узоқ навбатга туриб қолгани акс этган постлар ва видеолар кенг тарқалди. Ушбу ҳолат юзасидан «Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик жамияти расмий изоҳ берди.

Маълум қилинишича, ҳозирги кунда пойтахтда кунига мингдан ортиқ катта ва ўта катта сиғимли автобуслар сиқилган табиий газда ҳаракатланади. Илгари ушбу автобуслар 33 та автомобил газ тўлдириш компрессор шохобчаси орқали ёқилғи билан таъминланиб келинган.

Ҳаво ҳарорати кескин пасайиши сабабли аҳоли, ижтимоий муассасалар ва стратегик муҳим объектларни табиий газ билан барқарор таъминлаш мақсадида автобусларга хизмат кўрсатувчи АГТКШлар сони вақтинча 11 тага қисқартирилган. Бу эса транспорт воситаларини ёқилғи билан таъминлашда қўшимча юклама келтириб чиқарган.

Шу муносабат билан «Ҳудудгаз пойтахт» филиали ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги билан келишилган ҳолда пойтахтда фаолият юритаётган АГТКШлар рўйхати тасдиқланган. «Тошшаҳартрансхизмат» раҳбарияти томонидан ушбу рўйхат асосида автобусларни газ қуйиш шохобчаларига етказиш жадвали ишлаб чиқилган.

Компания маълумотига кўра, газ қуйиш шохобчаларигача бўлган масофанинг узайиши, қиш мавсумида газ истеъмолининг ортиши ва магистрал газ қувурларида босимнинг пасайиши ёқилғи қуйиш жараёнини секинлаштирган. Натижада АГТКШларда навбатлар юзага келган.

Вазиятни барқарорлаштириш мақсадида тунги навбатчилик ташкил этилган. Шунингдек, 25 декабр куни автобус ҳайдовчилари навбатда турган пайтда иссиқ овқат билан таъминлангани маълум қилинди. Жамият раҳбарияти ва автосаройлар масъуллари ҳолатни жойида ўрганиб, ҳайдовчиларнинг таклиф ва муаммоларини ўрганмоқда.

Теглар

Мавзуга оид