
Тошкентда автомашиналар ҳаракати жуфт ва тоқ рақамларига қараб чекланади: электромобиллар мустасно
Президент фармони билан тузилаётган махсус комиссия пойтахтда экологик аҳволни яхшилаш мақсадида транспорт воситалари ҳаракатини чеклаш ваколатига эга бўлмоқда.

Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосини ифлосланишини олдини олиш мақсадида назоратни кучайтириш ва иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш мақсадида бир қатор чоралар кўрилмоқда.
Жумладан, махсус комиссия қуйидаги ваколатларга эга бўлади:
Тошкент шаҳрида юк ташиш автотранспорт воситалари ҳаракатини вақтинча чеклаш амалиётини йўлга қўйиш;
автотранспорт воситаларининг, шу жумладан давлат рақамига мос равишда тоқ ва жуфт саналарда ҳаракатланишни чеклаш амалиётини жорий қилиш (электромобиллар бундан мустасно);
ҳаракатланиши вақтинчалик чекланадиган автотранспорт воситалари турлари, кўчалар ва бошқа ҳудудларни белгилаш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, ишлаб чиқарилганига 15 йил бўлган ва эскирган ҳамда «Евро-4» экологик стандартига жавоб бермайдиган жавоб бермайдиган машиналарни «trade-in» тизими орқали харид қилиш тартибини бир ой муддат ичида ишлаб чиқиш Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳамда «Ўзавтосаноат» АЖга топширилди.
Ички ишлар вазирлиги эса 2026 йил якунига қадар республикадаги барча тоифага кирувчи транспорт воситаларини техник кўрикдан ўтказиш чораларини кўради.
Тошкент шаҳар ҳокимлигига ҳам бир қатор вазифалар юкланди:
2026 йил баҳор ва куз мавсумларида Тошкент шаҳрининг 33 км узунлигидаги кичик ҳалқа йўли бўйлаб «Яшил коридор» лойиҳасини амалга ошириш;
2026 йил 1 апрелга қадар хорижий компания ва илмий-тадқиқот институтларини жалб қилган ҳолда «Яшил Тошкент» мастер режасини ишлаб чиқиш;
Тошкент шаҳрининг 700 та чорраҳасида замонавий, сунъий интеллект ёрдамида ҳаракат окимини бошқариш имкониятига эга интеллектуал светофор тизимини жорий қилиш.
Аввалроқ «Тошкент шаҳрида экологик вазиятни яхшилаш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилингани ҳақида хабар берган эдик.





