add

Тошкентда автомобиллардаги рекламалар ҳам олиб ташланмоқда

Бугун 13:251382

Пойтахтда автомобилларга тегишли рухсатномасиз ўрнатилган рекламаларни олиб ташлаш бўйича рейд тадбирлари ўтказиляпти.

Тошкентда автомобиллардаги рекламалар ҳам олиб ташланмоқда

Тошкент шаҳрида реклама паспортисиз ҳаракатланаётган транспорт воситаларини аниқлаш бўйича ўтказилаётган назорат тадбирлари давом этмоқда, дея хабар қилмоқда шаҳар ҳокимлиги.

1

Қайд этилишича, сўнгги рейдларда 470 та реклама жойлаштирилган автомобил текширилди. Улардан 390 тасида реклама паспорти мавжуд эмаслиги аниқланди. «Реклама тўғрисида»ги қонун ва Вазирлар Маҳкамасининг 104-сонли қарори талабларига зид ҳолатлар бўйича тегишли чоралар кўрилди.

Ушбу тадбирлар Тошкент шаҳар ИИББ Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси, шаҳар ҳокимлиги ҳамда Рақобат қўмитасининг ҳудудий бошқармаси ҳамкорлигида ўтказиляпти. Бундан мақсад реклама фаолиятини қонуний тартибда йўлга қўйиш ва шаҳар қиёфасини тартибга солиш эканлиги таъкидланди.

3

Шаҳар ҳокимлигига кўра, реклама паспорти ҳақида етарли маълумотга эга бўлмаган ҳайдовчиларга ҳуқуқий тушунтириш берилиб, 389 та огоҳлантириш хатлари топширилган. 1 та автомобил жарима майдонига жойлаштирилган. Натижада автотранспортлар бўйича 1200 та ариза келиб тушган.

4

Таъкидланишича, рекламани қонуний жойлаштириш учун my.gov.uz портали орқали паспорт олиниши керак.

Дастлаб, 2024 йилда Тошкент шаҳар ҳокимлиги тартибсиз рекламалар онгости даражасида чарчатиб, шаҳарда бўлишни ноқулай қилиши сабаб барча ноқонуний рекламалар олиб ташланишидан огоҳлантирган эди. Бунда рекламаларни Тошкент шаҳар халқ депутатлари Кенгаши томонидан тасдиқланган ягона дизайн-код талабларига мувофиқлаштириш чоралари кўрилиши таъкидланганди.

Шунингдек, шу йилнинг май ойида шаҳар ҳокимлиги қонунийликни таъминлаш ва пойтахтнинг меъморий яхлитлигини сақлаш мақсадида тегишли рухсат ҳужжатлари бўлмаган рекламалар олиб ташланётганини маълум қилди.

Яқинда эса тадбиркорлар шаҳар ҳокимлигининг Рақамли ривожланиш департаменти ҳатто дўконлар ва дорихоналардаги «мини маркет», «дорихона», «гўшт дўкони» каби оддий ёзувларни ҳам реклама деб баҳолаганидан норози бўлишганди. Тадбиркорларга пешлавҳаларнинг бир метр квадратдан ортиқ қисми учун ҳар бир метр квадратига ойига 60 минг сўмдан солиқ тўлаши кераклиги айтилган.

Тошкент шаҳар ҳокимлигининг ташқи реклама бўйича сўнгги хабарида: «Реклама фаолиятини қонуний асосда олиб бориш — бу шунчаки расмий талаб эмас, балки шаҳар қиёфаси, йўл ҳаракати хавфсизлиги ва тадбиркорнинг обрўси учун муҳим омилдир», дейилади.

Теглар

Мавзуга оид

Тошкентда автомобиллардаги рекламалар ҳам олиб ташланмоқда | Vaqt.uz