Тошкентда бир соатлик электр узилиши 3,5 млн долларга тушиши мумкин
Пойтахт иқтисодиёти ҳар соатда қарийб 42 млрд сўмлик қиймат яратади. Миркомил Холбоевга кўра, электр энергияси бир соатга ўчса, иқтисодиёт камида 3,5 млн долларлик йўқотиш бўлади.
© iStock/MushroomsArtSevenТошкент шаҳри иқтисодиёти ҳар соатда ўртача 42 млрд сўмлик ялпи ички маҳсулот яратади. Шу боис электр таъминотидаги ҳар қандай узилиш иқтисодий фаолликка сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.
Иқтисодчи Миркомил Холбоев таъкидлашича, агар пойтахт бир соатга электр энергиясидан узилса, назарий жиҳатдан 42 млрд сўмлик иқтисодий қиймат яратилмай қолади. Бу ҳисоб-китоб шаҳар иқтисодиётининг умумий ҳажмига таянган ҳолда амалга оширилган.
Мутахассиснинг қайд этишича, амалда зарар миқдори бундан бироз камроқ бўлиши мумкин. Чунки иқтисодиётнинг барча тармоқлари электр энергиясига бир хил даражада боғлиқ эмас. Айрим корхона ва ташкилотлар захира генераторлари орқали фаолиятини давом эттириш имкониятига эга.
Бироқ электр узилишининг билвосита оқибатлари ҳам мавжуд. Ишлаб чиқариш жараёнларининг тўхташи, хизматлар кўрсатишдаги кечикишлар, логистика занжирларидаги узилишлар ва бизнес фаоллигининг пасайиши иқтисодий зарарни янада ошириши мумкин.
Энг содда ҳисоб-китобларга кўра, Тошкент шаҳрида бир соатлик электр таъминоти узилиши иқтисодиёт учун камида 3,5 млн доллар миқдорида йўқотишга тенг бўлади. Мутахассис бу рақамни кичик деб баҳолаб бўлмаслигини таъкидлаб, барқарор энергия таъминоти иқтисодий ўсишнинг муҳим шартларидан бири эканини қайд этди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрининг 5 та туманида электр энергияси узилган эди. Энергетика вазирлиги ходимининг VAQT.UZ га маълум қилишича, Тошкент иссиқлик электр стансиясидаги трансформаторда носозлик бўлган.
Теглар






