Logo

Тошкентда болаларга зўравонлик қилинган хусусий боғча фаолияти тўхтатилади

Бугун 11:462 дақиқа

Тошкентда болаларга нисбатан зўравонлик қилингани аниқланган «Rayyan Kids Land» хусусий боғчасининг лицензиясини бекор қилиш бўйича судга ариза киритилди. Қонунчиликка кўра, нодавлат таълим ташкилоти фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зиён етказса, ҳолат лицензияни бекор қилишга асос бўлади.

Тошкентда болаларга зўравонлик қилинган хусусий боғча фаолияти тўхтатилади © Kollaj

Тошкент шаҳрининг Учтепа туманида жойлашган «Rayyan Kids Land» нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг лицензияси бекор қилиниши кутилмоқда. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси маълум қилди.

Бошқарма хабарига кўра, текширувлар давомида мазкур таълим муассасаси томонидан қонунчиликда белгиланган лицензия талаблари ва шартлари олтита ҳолат бўйича қўпол равишда бузилгани аниқланган.

Жумладан, 24 июнь куни муассаса тарбиячиси А.Г. томонидан тарбияланувчилардан бирига нисбатан жисмоний ва руҳий зўравонлик қилингани ҳам лицензия талабларининг қўпол бузилиши сифатида баҳоланган.

Маълум қилинишича, «Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, агар нодавлат таълим ташкилоти лицензия талаблари ва шартларини бир марта қўпол равишда бузиши оқибатида фуқароларнинг ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказилса, бу лицензияни бекор қилиш учун асос ҳисобланади.

Шу муносабат билан Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан «Rayyan Kids Land» нодавлат таълим ташкилотига берилган лицензияни бекор қилиш тўғрисида Тошкент туманлараро иқтисодий судига ариза киритилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ижтимоий тармоқларда ушбу хусусий боғчада тарбиячиларнинг болаларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлгани акс этган видеолар тарқалган эди. Видеоларда тарбиячиларнинг болаларга тазйиқ ўтказгани, тарбияланувчилардан бирининг оғзига мато тиққани, яна бир боланинг қўлини эшик билан қисгани акс этгани жамоатчиликнинг кескин эътирозига сабаб бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан Учтепа тумани ИИБ ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 110-моддаси (қийнаш) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, айрим тарбияланувчиларнинг тан жароҳатлари бўйича суд-тиббий экспертизаси тайинланган.

Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова Vaqt.uz билан суҳбатда педагог ва тарбиячиларни ишга қабул қилишдан аввал уларнинг болалар билан ишлашга психологик ҳамда эмоционал тайёрлигини баҳоловчи махсус кўрикларни жорий этиш муҳимлигини таъкидлаган эди.

«Педагог ва тарбиячиларни ишга қабул қилишдан олдин уларнинг болалар билан ишлашга психологик ва эмоционал жиҳатдан тайёрлиги, руҳий барқарорлигини баҳоловчи текширувлар болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишда муҳим превентив чора бўлиб хизмат қилади», — деган у.

Раҳмонова, шунингдек, Болалар омбудсмани Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги билан ҳамкорликда болаларга нисбатан зўравонлик содир этган педагог ва тарбиячиларнинг келгусида болалар билан ишлашини чеклашни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганини маълум қилди.

Ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган бўлиб, айни пайтда Сенат муҳокамасига қўйилган. Унга кўра, педагогик фаолияти давомида болага нисбатан зўравонлик содир этгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган шахслар бир йил давомида мактабгача таълим ташкилотларида педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилади.

Теглар

Мавзуга оид