
Тошкентда ҳавосида PM2,5 заррачалари миқдори яна кескин ошди
Ўзгидромет маълумотига кўра, ҳаво ифлосланиши ўтган ҳафта охиригача давом этиши керак эди. 28 ноябргача ҳаводаги PM2,5 заррачалари миқдори давомий камаётганди.

Ўзгидромет 1 декабр куни соат 09:00 ҳолатида атмосфера ҳавоси ифлосланиши мониторинги автоматик станциялари маълумотларини эълон қилди.
Унга кўра, Тошкент шаҳрининг атмосфера ҳавосидаги PM2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори 180 мкг/м3 ни ташкил этиб, рухсат этилган меъёрлардан (60 мкг/м3) 3 марта ошган.
Аввалроқ Ўзгидромет Тошкент ҳавосидаги инверсия жараёни ўтган ҳафта охиригача (30 ноябргача) сақланиб туришини хабар қилган эди.
Шунингдек, 28 ноябргача сўнгги 5 беш кун ичида ҳаводаги PM2,5 заррачаларининг доимий камайиб бориши кузатилган эди. Жумладан, 24 ноябрда PM2,5 меъёрдан 3 марта ошган бўлса, 28 ноябрда эса PM2,5 меъёрдан 1.6 марта ортган эди.
Ўзгидромет аввалроқ эълон қилган хабарда ҳаво сифатининг яхшиланиши ҳаво массаларининг алмашиши, шамолнинг кучайиши ёки ёғингарчилик тушиши билан боғлиқлигини таъкидлаганди.
Маълумот учун, Ўзгидромет прогнозларига кўра, 8-9 декабр кунларида Тошкент шаҳрида ёмғир ёғиши эҳтимоли юқори эканлиги қайд этилган.





