Logo

Тошкентда мактаблар сиғими икки баравар оширилади: янги лойиҳа қандай ишлайди?

Бугун 12:552 дақиқа

Янги лойиҳага кўра, мактабларда спорт зали, ошхона ва устахоналар ертўлага жойлаштирилиб, юқори қаватлар тўлиқ синф хоналари учун ажратилади.

Тошкентда мактаблар сиғими икки баравар оширилади: янги лойиҳа қандай ишлайди? © XTB matbuot xizmati

Тошкент шаҳрида мавжуд ҳудуддан самарали фойдаланган ҳолда ўқувчи ўринлари сонини икки бараварга ошириш имконини берувчи янги турдаги мактаблар қуриш таклиф этилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев 4 июль куни ўтказилган йиғилишда маълум қилди.

Йиғилишда пойтахтнинг айрим ҳудудларида мактабларга тушаётган юклама юқорилиги қайд этилди. Хусусан, Сергелидаги баъзи таълим муассасалари белгиланган қувватидан 1,5–2 баравар кўп ўқувчи билан фаолият юритаётгани айтилди.

Шу муносабат билан мактаб биноларини янги ёндашув асосида қуриш таклифи илгари сурилди. Унга кўра, спорт заллари, ошхоналар ва амалий машғулот хоналари ертўла қисмида ташкил этилади, асосий қаватлар эса синф хоналари сифатида фойдаланилади.

Жорий йилда Тошкент шаҳрининг ҳар бир туманида биттадан мактаб ва боғчада ушбу моделни синов тариқасида жорий этиб, «пойтахт тажрибаси» ни шакллантириш топширилди.

12 та сунъий кўл қурилади

Шунингдек, шаҳарда аҳоли ва сайёҳлар учун қулай муҳит яратиш мақсадида 12 та сунъий кўл барпо этиш режалаштирилмоқда. Уларнинг 3 таси Сергели туманидаги Қўшқўрғон, Султонобод ва Фароғатли маҳаллаларида жами 22 гектар майдонда ташкил этилади.

Ушбу ҳудудларни шаҳар иқлимини юмшатишга хизмат қиладиган, аҳоли сайр қилиши ва дам олиши мумкин бўлган масканларга айлантириш вазифаси қўйилди.

Бундан ташқари, «Жўн» каналининг Сергели ва Янгиҳаёт туманларидан ўтувчи 5 километр қисми бетонлаштирилаётгани маълум қилинди. Йил якунига қадар канал бўйида сайилгоҳ ва саломатлик йўлаклари ташкил этилади.

Шу билан бирга, Чирчиқ дарёсининг пойтахт ҳудудидан ўтувчи 16 километр қисмида ўзанни мустаҳкамлаш ишлари бошланади. Лойиҳа доирасида қўшимча 300 гектар майдонда «яшил белбоғ», сайилгоҳлар, пиёдалар ва велосипед йўлаклари ташкил этилиши режалаштирилган.

Жиноятдан ҳоли маҳаллалар сони кўпайтирилади

Йиғилишда Тошкентда хавфсиз муҳитни шакллантириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Маълум қилинишича, сўнгги олти ой давомида олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сони камайган.

Пойтахтдаги 230 та маҳаллада жиноят содир этилмаган, 332 та маҳаллада эса жиноятчилик кескин қисқарган. Криминоген вазияти оғир деб баҳоланган маҳаллалар сони 60 тадан 23 тага камайган.

Сергели туманида ҳам ижобий ўзгаришлар қайд этилди. Туманда аввал хавфли деб баҳоланган 29 та маҳалла «яшил» тоифага ўтказилган, 17 та маҳаллада эса жиноят қайд этилмаган.

Давлат раҳбари Ўзгариш маҳалласи тажрибасини кенг жорий этиш, Сергелидаги қолган маҳаллаларни ҳам «яшил» тоифага ўтказиш, яширин иқтисодиётни қисқартириш ва ёшлар билан ишлаш бўйича янги ёндашувларни татбиқ этиш юзасидан масъулларга топшириқлар берди.

Vaqt.uz аввалроқ Президент Мирзиёев Сергели туманига боргани ва Янги Сергели кўчасида амалга оширилган ишлар ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти билан танишгани ҳақида хабар берганди.

Давлат раҳбари йиғилишда мутасаддиларга Сергели ва Янгиҳаёт туманлари аҳолисини қийнаб келаётган бадбўй ҳид муаммосини 1-сентабргача бартараф этиш вазифасини топширган.

Теглар

Мавзуга оид