Тошкентда «Matiz» ҳайдовчиси 912 марта қоидабузарлик қилгани аниқланди
Тошкентда йўл ҳаракати қоидаларини мунтазам равишда бузиб, қарздорлиги 311 миллион сўмдан ошган «Matiz» ҳайдовчисининг автомобили жарима майдончасига жойлаштирилди.
© Foto: MIBМажбурий ижро бюроси маълумотига кўра, ҳолат бўйича Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ томонидан чиқарилган маъмурий қарорлар асосида ижро ҳужжатлари юритилган. Материаллар МИБнинг Тошкент шаҳар бошқармаси 2-туманлараро бўлими иш юритувида бўлган.
Текширувлар давомида қарздорга тегишли «Matiz» автомобили билан 2024 йил апрел ойидан буён йўл ҳаракати қоидалари қўпол ва тизимли равишда бузиб келингани маълум бўлди. Шу давр ичида ҳайдовчига нисбатан жами 912 та маъмурий жарима расмийлаштирилган.
Қоидабузарликлар натижасида 311 миллион сўмдан ортиқ қарздорлик шаклланган. МИБ маълумотига кўра, ҳайдовчи ҳаракат давомида қоидаларга риоя қилмасликни одатга айлантирган ва белгиланган жарималарни ўз вақтида тўламаган.
Оқибатда йиллар давомида йиғилиб борган қарздорлик сабабли автомобил қидирувга берилган. МИБ ходимлари томонидан олиб борилган тезкор қидирув ва мажбурий ижро ҳаракатлари давомида ушбу транспорт воситаси аниқланган.
Маълум қилинишича, «Matiz» автомобили 15 май куни жарима майдончасига жойлаштирилган. Ҳозирда қарздорликни ундириш ва ижро ҳужжатлари бўйича тегишли жараёнлар давом этмоқда.





