Тошкентда пиёдалар учун янги хавфсизлик тизими синов тариқасида жорий этилди
Янги технология ҳайдовчиларни пиёдалар ўтиш жойи ҳақида узоқ масофадан огоҳлантириб, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишга хизмат қилади.
© Vaqt.uz | Javhar ChorshanbiyevaЙўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Мирзо Улуғбек туманидаги Осиё кўчасида RRFB (Реcтангулар Rapid Flashing Beacon)технологиясига асосланган фаол йўл белгилари ўрнатилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази ахборот хизмати хабар берди.
Маълумотларга кўра, мазкур тизим ҳайдовчиларга пиёдалар ўтиш жойини ҳаракат йўналишидан қатъи назар аниқ кўриш имконини беради.
Лойиҳа доирасида огоҳлантирувчи сариқ сигнал чироқлари йўл четларига, кўчанинг марказий қисмига ҳамда қатнов қисми устидаги баланд конструкцияга жойлаштирилган.
Бундан ташқари, йўлнинг икки томонига пиёдалар учун чақирув тугмалари ўрнатилган. Пиёда тугмани босгач, устунларнинг юқори қисмидаги ёрқин сигнал чироқлари автоматик равишда ёнади.
Шунингдек, "Пиёдалар ўтиш жойи" белгиси ёруғлик берувчи махсус қути кўринишида ишлаб чиқилган. Бу ечим айниқса тунги вақтда ўтиш жойининг узоқдан яхши кўринишини таъминлайди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, RRFB тизими асосан транспорт оқими паст ва ўртача бўлган кўчаларда самарали ҳисобланади.
Жаҳон тажрибаси
АҚШ Федерал автомобиль йўллари бошқармаси (FHWA) тадқиқотларига кўра, оддий тартибга солинмаган пиёдалар ўтиш жойларида ҳайдовчиларнинг пиёдаларга йўл бериш даражаси одатда 18–30 фоизни ташкил этади. RRFB тизими жорий этилгач эса бу кўрсаткич 98 фоизгача ошиши мумкин.
Шунингдек, ёрқин огоҳлантирувчи сигналлар ҳайдовчиларга пиёдалар ўтиш жойини олдиндан пайқаш имконини бериб, тезликни босқичма-босқич камайтиришга ёрдам беради. Бу эса кескин тормозланиш ва йўл-транспорт ҳодисалари хавфини камайтиради.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистонда RRFB технологиясини йўл инфратузилмасига пилот тартибда жорий этиш бўйича илк тажрибалардан бири бўлиб, синов натижалари келгусида ушбу тизимни бошқа ҳудудларда ҳам қўллаш имкониятини баҳолашга хизмат қилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ пойтахтда тирбандликни камайтиришга қаратилган автобус йўлаклари учун махсус делиниаторлар ўрнатилиши ҳақида хабар берган эдик. Мазкур лойиҳа, жамоат транспорти ҳаракати учун қулай ва хавфсиз шароит яратишга хизмат қилиши айтилган.





