
Тошкентда пуллик автотураргоҳ инспектори ЙТҲда ҳалок бўлди
Абдулла Қодирий кўчасида Onix ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, автотураргоҳ инспекторини уриб кетди. «Poytaxt Parking» компанияси ҳолат юзасидан баёнот берди.

28 ноябр куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида содир бўлган йўл-транспорт ҳодисаси пуллик автотураргоҳ инспектори Феруз Пармоновнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлди. ЙҲХБ хабарига кўра, ҳодиса тахминан соат 11:10 да Абдулла Қодирий кўчасида рўй берган. Onix русумли автомобил ҳайдовчиси ҳаракат вақтида бошқарувни йўқотиб, йўл четида хизмат вазифасини бажараётган автотураргоҳ ходимини уриб кетган.
Оқибатда транспорт воситаси ўнг қаторда тўхтаб турган Nexia-3 ва Cobalt автомашиналарига ҳам бориб урилган ҳамда йўлнинг қатнов қисмидан чиқиб кетган. Оғир жароҳат олган Феруз Пармонов воқеа жойида ҳалок бўлгани қайд этилган. Ҳодиса бўйича Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми асосида жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мазкур ҳолат юзасидан «Poytaxt Parking» компанияси махсус баёнот берди.
«Биз ижтимоий тармоқларда фожиа содир бўлган жойдан олинган фото ва видео материаллар, шунингдек, воқеа гўёки ушбу кўчада пулли автотураргоҳлар ташкил этилгани сабабли содир бўлгани ҳақидаги асоссиз даъволар тарқатилаётганидан жиддий ташвишдамиз. Жамоатчиликдан ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан тергов якунланишини кутишни, марҳумнинг хотирасини ҳурмат қилишни ва ушбу фожиага оид текширилмаган ёки ёлғон маълумотларни тарқатмасликни сўраб қоламиз», – дейилади компанияси хабарида.
Шунингдек, компания ваколатли органлар билан ҳамкорликда тергов жараёнини таъминлашга кўмак кўрсатаётганини, Onix ҳайдовчисининг айб даражаси холисона баҳоланишини таъкидлади.
«Биз марҳумнинг оиласи ва яқинларига чуқур таъзия изҳор этамиз. Феруз фидокор, тиришқоқ ва масъулиятли инсон эди. Унинг кутилмаган ўлими бутун жамоамиз учун оғир йўқотиш бўлди. Биз унинг хотирасини чуқур ҳурмат қиламиз», – дейилади баёнотда.





