
Тошкентда сунъий ёмғир ёғдириш 50 минг долларгача харажат талаб қилади — Oʻzgidromet
Оʻzgidromet 1990-йилларда Тошкентда байрамлар пайтида ёмғирсиз об-ҳаво таъминлаш учун 1 млн доллар сарфлангани қайд этилган.

Oʻzgidromet Тошкент шаҳрида сунъий ёмғир ёғдириш технологиясини жорий этиш бўйича фуқаролардан биридан тушган мурожаатни кўриб чиқди. Бу ташаббус ҳавони тозалаш, ифлосланиш даражасини камайтириш ва аҳоли саломатлигини ҳимоя қилиш мақсадида билдирилган.
Экологик қўмита маълумотларига кўра, охирги йилларда ифлосланиш даражаси 150–200 мкг/м³гача кўтарилиб, «соғлиққа хавфли» даражада бўлган. Мурожаатчи Жаҳонгир Раимжонов томонидан таклиф этилган технология Хитой, БАА, АҚШ каби давлатларда самарали қўлланилаётгани қайд этилди.

Бироқ Oʻzgidromet бу амалиётни амалга ошириш учун муайян табиий ва техник шартлар кераклигини таъкидлади. Жумладан, булутларнинг мавжудлиги, ҳарорат ва намлик даражаси белгиланган меъёрда бўлиши лозим. Тошкентда бу каби шартлар асосан баҳор ва куз ойларида кузатилади.
Сунъий ёмғирдан кейин ҳаводаги ифлос моддалар 20–40 фоизгача камайиши мумкин. Масалан, 2025 йил 4 ноябрдаги ёмғирдан сўнг Тошкентда ифлосланиш даражаси 60–70 мкг/м³ дан 5–10 мкг/м³ гача пасайган.
Шу билан бирга, технология жуда қиммат — бир операция 25–50 минг долларга тушади. 1990-йилларда Тошкентда байрамлар пайтида ёмғирсиз об-ҳаво таъминлаш учун 1 млн доллар сарфлангани қайд этилган.
Oʻzgidromet директори Шерзодхон Хабибуллаев томонидан имзоланган жавоб хатида сунъий ёмғир ёғдириш технологиясининг афзалликлари қаторида ҳаво тозаланиши ва саломатликка ижобий таъсир қайд этилса, хавф сифатида вақтинчалик самара, ёмғирнинг нотекис тақсимланиши ва кимёвий моддаларнинг тупроққа таъсири санаб ўтилган.
Шу боис, Oʻzgidromet лойиҳани техник-иқтисодий асослаш, пилот тарзда синаш ва халқаро ҳамкорлар билан биргаликда амалга оширишни таклиф этмоқда. Лойиҳа 2026–2030 йилларга мўлжалланган атмосфера ҳавосини яхшилаш дастури доирасида кўриб чиқилиши мумкинлиги қайд этилган.





