
Тошкентда ташландиқ жойда боғ барпо этган фуқаро 82 млн сўм жаримага тортилди
Яшнабод туманида ташаббускор фуқаро йиллар давомида бунёд этган яшил ҳудуд учун 82,4 млн сўм жаримага тортилди. Унга ҳудудни аввалги — ташландиқ ҳолатга келтириб қўйиш буюрилди.

Тошкентнинг Яшнобад туманидан бўлган фуқаро Арсен Аванесян икки йилдан ортиқ вақт давомида ташаббус сифатида ташландиқ ер ўрнида бунёд этган яшил ҳудуд учун 82,4 миллион сўм жаримага тортилди, деб хабар қилмоқда Podrobno.uz.
Мазкур ҳудуд темирйўл ёқасидаги ташландиқ ва қаровсиз бўш ер бўлиб, у ўз ҳисобидан уни тозалаш, кўкаламзорлаштириш ва аҳоли учун дам олиш масканига айлантиришни мақсад қилган.
У ўз режасини 2022 йилда бошланган. Аванесяннинг айтишича, у минглаб дарахт ва кўчат эккан, йўлкалар қурган, ҳордиқ чиқариш учун ўриндиқлар, ёритиш тизими, видеокузатув ва суғориш коммуникацияларини ўрнатган. Ўрта ҳисобда 1500 дан ортиқ кўчат экилиб, уларнинг ярми сув таъминоти муаммолари сабаб қуриб қолган. Шу билан бирга, 300 га яқин қўшни ва маҳалла аҳолиси ҳудудни обод қилиш ишларида ихтиёрий иштирок этган. Йиллар давомида бу ишларга умумий 1 млрд сўмдан ортиқ маблағ ҳам сарфланган.
Аванесян ишларни бошлашдан аввал маҳалла қўмитаси билан келишилганини айтади: «Қўшнилар билан йиғилиб гаплашдик, улар қўллаб-қувватлади. Хокимият ҳам хабардор эди», — дейди у.
Бироқ масъул идоралар бу фаолиятни ер қонунчилигини бузиш деб баҳолади. Текширувдан сўнг ташаббускорга 82,4 млн сўм жарима қўлланди ва ҳудудни «аввалги ҳолати»га — яъни, бўш ва қаровсиз ер кўринишига қайтариш талаб қилинди.
Ҳозирча бирор давлат органи юзага келган вазият бўйича расмий изоҳ бермаган.





