Тошкентда тўловсиз ва тартибсиз парковка учун жарима жорий этиш таклиф қилинди

21.10.2025 | 08:012 дақиқа

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, шунингдек, қоидабузарларнинг автомобилларини вақтинча сақлаш учун янги жарима майдончалари яратишни режалаштирмоқда.

Тошкентда тўловсиз ва тартибсиз парковка учун жарима жорий этиш таклиф қилинди

15 октябр куни Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтдаги Шота Руставели кўчасида жамоат транспорти учун махсус ажратилган тезкор автобус йўлагида (BRT) сафар қилганидан сўнг, Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан шаҳар йўлларидаги транспорт ҳаракати ва парковка тизимига оид тақдимот ўтказилди.

Тақдимотда Шота Руставели кўчаси мисолида тўловсиз ва тартибсиз парковка, шунингдек, штраф майдонларининг етишмаслиги каби муаммолар кўрсатилди. Ҳокимият бу муаммоларни ҳал этиш учун тўловсиз парковка учун жарима жорий этиш ва янги жарима майдончаларини ташкил этиш таклифини илгари сурди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати матбуот котиби Зойир Йўлдашевнинг маълум қилишича, амалдаги қонунчиликда ҳозирча тўловсиз тўхташ учун жавобгарлик белгиланмаган. Ҳозирда фақат «тўхташ тақиқланган» белгиларига риоя қилмаган ҳайдовчилар жаримага тортилади.

Август ойида блогер Кирилл Алтман Poytaxt Parking оператори маслаҳатчиси Сергей Мариничевга таяниб, пулли тўхташ жойларида тўловни амалга оширмаганлик учун жарима 2 БҲМ (824 минг сўм) этиб белгиланиши режалаштирилаётганини хабар қилган эди.

Тошкентдаги илк пулли йўл бўйи тўхташ жойлари 8 май куни ишга туширилган. Ҳозирда 6 та марказий кўчада фаолият юритувчи тизим йил якунигача 86 та трассани қамраб олиши ва 13 мингдан зиёд тўхташ жойини ўз ичига олиши режалаштирилган.

Парковка учун тўловни Poytaxt Parking мобил иловаси орқали амалга ошириш мумкин. Иловани ўзбек, рус ва инглиз тилларида фойдаланиш мумкин бўлиб, у Payme, Click, Uzum Bank, Octobank ва Paynet орқали тўловни қабул қилади.

Теглар

Мавзуга оид