Logo

Тошкентда ер усти метро йўналишлари остида савдо ҳудудлари ташкил этилади

Лойиҳа амалга оширилса, Яшнобод, Сергели ва Янгиҳаёт туманларидан ўтувчи метро линиялари атрофида 400 га яқин тадбиркор фаолият бошлаб, 3 мингта янги иш ўрни яратиши мумкин.

Тошкентда ер усти метро йўналишлари остида савдо ҳудудлари ташкил этилади © transphoto.org

Тошкентда ер усти метро йўналишлари остидаги бўш майдонлардан самарали фойдаланиш орқали савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев иштирокида 4 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда маълум қилинди.

Янги тизимга кўра, давлат ердан фойдаланиш ҳуқуқини аукционга чиқаради ҳамда ҳудуднинг лойиҳаси ва зарур инфратузилмасини тайёрлаб беради. Савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини ташкил этиш эса тадбиркорлар томонидан амалга оширилади.

Дастлаб ушбу тажрибани Сергели туманида кенгайтириш режалаштирилган. Метро линияси остидаги яна 8,5 километр ҳудудда лойиҳалар якунига етказилса, 137 та савдо ва сервис объекти ишга туширилади.

Натижада туманда 1–1,5 мингта янги иш ўрни яратилиши, маҳаллий бюджетга эса 20–25 млрд сўм қўшимча тушум келиб тушиши кутилмоқда.

Умуман, Яшнобод, Сергели ва Янгиҳаёт туманларидан ўтувчи 23 километрлик ер усти метро ҳудудида шундай лойиҳалар амалга оширилиши мумкин.

Ҳисоб-китобларга кўра, бу орқали 400 га яқин тадбиркор ўз бизнесини йўлга қўйиб, 3 мингта янги иш ўрни ташкил этиш имконияти пайдо бўлади.

Vaqt.uz аввалроқ шаҳарда аҳоли ва сайёҳлар учун қулай муҳит яратиш мақсадида 12 та сунъий кўл барпо этиш режалаштирилаётгани ҳақида хабар берганди. Уларнинг 3 таси Сергели туманидаги Қўшқўрғон, Султонобод ва Фароғатли маҳаллаларида жами 22 гектар майдонда ташкил этилади.

Ушбу ҳудудларни шаҳар иқлимини юмшатишга хизмат қиладиган, аҳоли сайр қилиши ва дам олиши мумкин бўлган масканларга айлантириш вазифаси қўйилди.

Теглар

Мавзуга оид