Тошкентда йўл ҳақини тўламаган 30 мингдан ортиқ шахс жавобгарликка тортилди

Бугун 13:202 дақиқа

2026 йилнинг дастлабки уч ойида Тошкентда автобусларда йўл ҳақини тўламаслик бўйича 32 мингдан ортиқ ҳолат аниқланиб, қоидабузарларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилди.

Тошкентда йўл ҳақини тўламаган 30 мингдан ортиқ шахс жавобгарликка тортилди © Transport nazorati inspeksiyasi

2026 йилнинг январ–март ойлари давомида автобусларда йўл ҳақини тўламаслик билан боғлиқ 32 450 та ҳолат аниқланган.

Бу ҳақда Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Транспорт назорати инспекцияси маълум қилди. Унга кўра, ҳар бир ҳолат бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, қоидабузарларга нисбатан белгиланган тартибда чоралар кўрилган.

Назорат ишлари

Назоратчилар томонидан аниқланган қоидабузарларга нисбатан Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 144-моддаси 5-қисми асосида маъмурий чоралар қўлланмоқда. Назорат ишлари «Тошкент шаҳар йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш» давлат муассасаси билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Инспекторлар автобусларда йўл ҳақини тўламасдан ҳаракатланаётган йўловчиларни аниқлаш мақсадида мунтазам рейдлар ўтказмоқда.

Шу билан бирга, соҳада рақамлаштириш жараёнлари жорий этилган. Хусусан, тўлов тизими ва инспекторлар фаолияти электрон мониторинг орқали кузатилмоқда. Бу эса назорат тадбирларини манзилли ва самарали ташкил этиш имконини бермоқда.

Маълум қилинишича, йил бошидан буён 28 та йўналишда, жумладан 8 та асосий йўналишда кучайтирилган назорат ўрнатилган. Натижада ушбу йўналишларда транзакциялар сони ошгани кузатилган.

Эслатиб ўтамиз, 2025 йил 1 январдан бошлаб Тошкент шаҳридаги автобус салонларида нақд пулда тўлов қилиш тўхтатилган эди. Йўлкирани 10 дан ортиқ нақд пулсиз тўлов усуллари орқали тўлаш мумкин: АТТО транспорт ва виртуал карталари, исталган банкларнинг UzCard ва Humo контактсиз карталари, халқаро тўлов тизимлари карталари (Visa, MasterCard, UnionPay), шунингдек, Click, Uzum, Plum тўлов иловалари орқали.

Нақд пулга бир марталик QR кодли чипталарни сотиб олинади, улар Paynet, Oson ва Multipay компанияларининг инфокиосклари, шунингдек, Paynet офлайн пунктлари орқали сотилади. Бундай чипталарнинг нархи 3000 сўмни ташкил этади, нақд пулсиз тўлов учун эса 1700 сўм ундирилади.

Теглар

Мавзуга оид