add

Тошкентдаги 9 мингдан зиёд лифт носоз экани рад этилди

Бугун 08:001012

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигига кўра, техник кўрик жараёнида лифтларда аниқланадиган камчиликлар — бу лифт носоз деган хулосани бермайди.

Тошкентдаги 9 мингдан зиёд лифт носоз экани рад этилди

Аввалроқ, Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси Тошкент шаҳрида жойлашган кўп қаватли уйларда ўрнатилган 9 мингдан зиёд лифт текширувдан ўтказилиб, уларнинг деярли барчасида турли даражадаги носозликлар қайд этилгани ҳақида маълум қилганди. Бугун, 11 ноябр куни Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги мазкур маълумот асоссиз экани ҳақида баёнот берди.

«Техник кўрик жараёнида лифтларда аниқланадиган камчиликлар — бу лифт носоз деган хулосани бермайди. Аксинча, бу ҳолат профилактик текширув ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида амалга ошириладиган мунтазам техник назорат жараёнидир», - дейилади баёнотда.

Қайд этилишича, бугунги кунда республика бўйича 5 491 та кўп квартирали уйда 13 798 та лифт ускуна мавжуд бўлиб, шундан 12 987 таси одам ташиш, 811 таси эса юк ташиш учун мўлжалланган.

Тошкент шаҳрида 3 245 та кўп квартирали уйда жами 9 144 та лифт мавжуд. Шулардан 1 835 тасининг эксплуатация муддати тугаган. Вазирликка кўра, уларни янгилаш ишлари Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 17 февралдаги 98-сон қарори асосида 2025-2028 йиллар давомида босқичма-босқич амалга оширилмоқда. 2025 йилда 452 та лифтни янгилаш ишлари якунланмоқда.

Маълумотга кўра, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6-октабрдаги 801-сон қарорига мувофиқ мамлакатдаги барча лифтлар ҳар йили мажбурий техник кўрикдан ўтказилади. Жорий йилнинг 1 майидан бошлаб вазирлик томонидан “Хавфсиз лифт” ягона идоралараро электрон платформаси ишга туширилди.

Баёнотда мазкур платформа орқали кўп квартирали уй-жойлардаги барча лифт ускуналарини реал вақт режимида мониторинг қилиш имконияти яратилган бўлиб, лифтлардан фойдаланувчи аҳоли учун лифт ускуналари бўйича доимий маълумотларни олиш имконияти таъминланаётгани айтилган.

Вазирлик таъкидлашича, аҳоли хавфсизлигини таъминлаш ва лифт соҳасидаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида доимий мониторинг ва ислоҳотлар давом эттирилади.

Теглар

Мавзуга оид

Тошкентдаги 9 мингдан зиёд лифт носоз экани рад этилди | Vaqt.uz