Logo

Тошкентдаги кўп қаватли уй-жой қурилишида хавфли камчиликлар аниқланиб, ишлар тўхтатилди

Кеча 22:552 дақиқа

Тошкентнинг Сергели туманида қурилаётган кўп қаватли уй-жойда жиддий қоидабузарликлар аниқланди. Сифатсиз темир-бетон конструксиялар сабаб қурилиш-монтаж ишлари тўхтатилиб, лойиҳа талабларига мос бўлмаган қисмларни бузиш ишлари бошланди.

Тошкентдаги кўп қаватли уй-жой қурилишида хавфли камчиликлар аниқланиб, ишлар тўхтатилди © Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva

Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси Тошкент шаҳрининг Сергели туманида барпо этилаётган кўп қаватли турар жой объектида бир қатор жиддий қоидабузарликларни аниқлади.

Назорат тадбирлари давомида қурилиш материалларини сақлаш тартибига риоя этилмагани, қурилиш майдони ҳамда унинг атрофи тез ёнувчи чиқиндилардан тозаланмагани маълум бўлди.

Текширув давомида объектнинг айрим қисмларида бажарилган темир-бетон ўзаклар сифатсиз экани ва улар лойиҳада белгиланган техник талабларга мувофиқ эмаслиги ҳам қайд этилди. Инспекция вакиллари бу каби конструктив камчиликлар келажакда инсонлар ҳаёти ва хавфсизлигига жиддий таҳдид солиши мумкинлигини таъкидлади.

Сифат талаблари бузилган


Аниқланган камчиликлар юзасидан объектдаги барча қурилиш-монтаж ишлари вақтинча тўхтатилди. Инспекция масъуллари пудрат ташкилотига қоидабузарликларни бартараф этиш бўйича бажарилиши мажбурий бўлган ёзма кўрсатмалар берди.

Шу билан бирга, лойиҳа талабларига зид равишда қурилган ва сифатсиз деб топилган темир-бетон ўзакларни бузиш ишлари бошланди. Кейинги қурилиш жараёни фақат аниқланган нуқсонлар тўлиқ бартараф этилганидан кейин давом эттирилиши мумкин.

Инспекция назоратида объектда бажариладиган барча ишлар қайта текширилиши ва белгиланган техник меъёрларга мувофиқлиги баҳоланиши режалаштирилган.

Назорат кучайтирилмоқда


Инспекциянинг таъкидлашича, қурилиш ишларини сифатли бажариш ва тасдиқланган лойиҳа талабларига қатъий амал қилиш барча қурилиш иштирокчилари учун мажбурий ҳисобланади. Бу талабларга риоя этилмаслиги нафақат маъмурий чораларга, балки қурилиш ишларининг тўхтатилишига ҳам сабаб бўлиши мумкин.

Идора маълумотига кўра, Тошкент шаҳрида қурилиш объектларида кучайтирилган назорат тадбирлари давом этмоқда. Бундай текширувлар орқали қурилиш сифати, техника хавфсизлиги ва фуқаролар ҳаётига хавф туғдириши мумкин бўлган омилларнинг олдини олиш мақсад қилинган.

Теглар

Мавзуга оид