Logo

Тошкентдаги куйинди ҳидига шамол сабаб бўлган — Экология қўмитаси

Бугун 17:501 дақиқа

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитасига кўра, Тошкентда 11 июль куни сезилган куйинди ҳиди Оҳангарондаги чиқиндилар полигонидан чиққан тутуннинг шамол йўналиши ўзгариши оқибатида пойтахт томон тарқалиши билан боғлиқ.

Тошкентдаги куйинди ҳидига шамол сабаб бўлган — Экология қўмитаси © Ekologiya qo'mitasi

Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси Тошкент шаҳрининг турли ҳудудларида кузатилган куйинди ҳиди юзасидан расмий изоҳ берди.

Қўмита маълумотига кўра, кун давомида Оҳангарон туманида жойлашган қаттиқ маиший чиқиндилар полигонидаги очиқ аланга бартараф этилган. Бироқ чиқиндиларнинг айрим қатламларида ички туташ жараёни давом этгани сабабли ҳавога тутун ва майда аэрозол заррачалари чиқиши сақланиб қолган.

Мутахассислар таъкидлашича, куннинг асосий қисмида пойтахтда шамол деярли кузатилмаган. Кечки соат 19:00 атрофида эса шамол йўналиши кескин ўзгариб, жануби-шарқдан — полигон жойлашган ҳудуддан Тошкент шаҳри томон эса бошлаган.

Айнан шу вақтда ҳаво сифати мониторинги станциялари PM₂.₅ ва PM₁₀ майда дисперс заррачалари концентрацияси ошганини қайд этган. Шаҳарнинг турли ҳудудларида яшовчи аҳоли ҳам тутун ва куйинди ҳиди сезилганини билдирган.

Қўмитанинг дастлабки хулосасига кўра, Тошкентда кузатилган куйинди ҳиди шамол йўналиши ва тезлигининг ўзгариши натижасида чиқиндилар полигонидан чиққан тутун ҳамда майда заррачаларнинг шаҳар томон кўчиши оқибатида юзага келган.

Теглар

Мавзуга оид