add

Тошкентдаги «пулли парковкалар»ни бекор қилиш бўйича жамоавий мурожаат яратилди. Аксар фаоллар бунга қарши

Расул Кушербоев Тошкентдаги «пулли парковкалар»ни бекор қилиш ташаббусини илгари сурди, аммо фаоллар бу муаммонинг ечими эмаслиги, аксинча тизимни такомиллаштириш ва «парковкалар»ни кўпайтириш кераклигини таъкидламоқда.

Тошкентдаги «пулли парковкалар»ни бекор қилиш бўйича жамоавий мурожаат яратилди. Аксар фаоллар бунга қарши

Экологи вазири маслаҳатчиси Расул Кушербоев Тошкентда йўл четларини бўяб қўйиб, «пулли парковка»га айлантириш учун асос бўлган қарорни бекор қилиш ҳақида жамоавий мурожаат тайёрлаб, «Менинг фикрим» порталига жойлаштирди. Бу ҳақда унинг ўзи ижтимоий тармоқдаги саҳифасида маълум қилди.

«Ўйлайманки, бу кўпчиликни бефарқ қолдирмайди. Жамоавий мурожаатимиз модераторлар томонидан маъқулланса бўлди, овоз йиғиб бекор қилишининг қонуний имконияти пайдо бўлади», - дея ёзган у.

Лекин бошқа ижтимоий тармоқ фаоллари бунга қарши фикр билдиряпти, улар «пулли парковкалар» Тошкентга сув ва ҳаводек зарурлигини айтмоқда.

Тошкент машиналар коллапси остонасида турибди

"Tasnif group" асосчиси, журналист Лазиз Ҳамидовга кўра, Лондонда ҳам, Осло ва шу каби бошқа Европа давлатларида ҳам Тошкентдагидек одамлар машинасини бемалол йўл четига қўйиб кета олмайди. Автотураргоҳлар керак, фақат такомиллаштириш керак, холос.

«Хўп, ҳозирча фақат пул топишгина мақсад қилинган «пулли парковка»лар жорий қилинди. Мен доим улардан фойдаланаман. Табличкалар қўйилган, махсус иловалар яратилган — яъни пул йиғиш тизими ишлаяпти. Аммо ҳайдовчилар учун ҳақиқий қулайлик йўқ. Масалан, шаҳар марказларида оҳак ёрдамида чизиқлар чизишган, у бир ҳафтада ўчиб кетади. Ҳозир борсангиз ярми ўчиб кетган, жуда хунук ҳолатда. Хориждаги сафарларимда бошқача манзарани кўрганман: асфальтдан бўртиб чиқадиган белгилар қилишган. Асфальтдан бўртиб чиқариб чизиқ қилинган жойларга сариқ краска билан чизиб чиқишган. Ҳар бир чизиқ, ҳар бир белги шундай ишланганки, ҳайдовчи ҳам, пиёда ҳам ўзини хавфсиз ҳис қилади», -дейди у.

Журналист ташкил этилган «пулли парковкалар» ортидан пул топаётган ташкилотлар ва инсонлар нега уларнинг сифатига қайғурмаётгани ҳақида савол қолдирди.

Лазиз Ҳамидовнинг таъкидлашича, Тошкентда парковкалар жуда кам, етмайди аҳолига. Масалан, 5 миллион аҳоли яшадиган мегаполисларда 10 қаватли парковкалар бор: 5 қават ер тагида, 5 қават ер устида. Агар давлат жамоат транспортларини ривожлантирмоқчи бўлса, приоритетни жамоат транспортига берадиган бўлса кўпроқ автомобил турар жойлари қурилиши керак, пулли йўллар бўлиши керак, автобус учун махсус йўллар ажратилиши лозим. «Тошкентга машина сиғмаяпти. Биз шунга етиб келдик», - дея ёзган у.

«Пулли парков»га жорий этилишга жорий этилди-ю, аммо Тошкент шаҳар ҳокими парво қилмаётган, эътибор бермаётган ва ўз зиммасига олиши керак бўлган яна бир муаммо бор: мен ҳалигача тушунмайман, нега давлат Тошкент шаҳридаги тижорий қурилишларни парковкалардан устун қўяди? Тошкент машиналар коллапси остонасида турибди. Шунга қарамасдан, нима учун ҳокимят ҳар бир туманнинг ҳар бир бурчаги, ҳар бир марказида ўнлаб, юзлаб тизимли парковкаларни қуришни йўлга қўймаяпти? Нега 5-10 йил аввал айнан парковкалар учун ажратилган ҳудудлар эндиликда бизнес марказ, офисларга ажратиб берворилди, нега парковкаларнинг ўрнида тижорий бинолар қурилди? Мана шу ҳокимият учун катта савол ва мен учун жумбоқ бўлиб қолаётган масала!», - дея ёзган «Tasnif group» асосчиси.

Тизимни бутунлай бекор қилиш муаммони ҳал қилмайди

Блогер Зафарбек Солижоновнинг ёзишича «пулли парковка»лар — бу пул йиғиш усули эмас, тартиб ўрнатиш
тизими.
«Олдин шаҳар марказида машинани тўхтатишнинг иложи йўқ эди: кимдир икки қатордан қўяр, кимдир пиёдалар йўлагини тўсиб қўяр, яна кимдир машинасини светофорда қолдириб кетарди. Ҳозир эса парковка жойлари аниқ белгиланмоқда, ҳар бир чизиқ ЙҲХХ, ҳокимлик ва бошқа мутасадди идоралар билан расмий келишилади. Яъни ҳеч ким ўзи хоҳлаб чизмайди — буларнинг орқасида ҳужжат, лойиҳа ва хавфсизлик таҳлили ётади», -деб тушунтирган у.

Зафарбек Солижоновга кўра, бу тизимда камчиликлар йўқ эмас — айрим жойларда белгилар етарли эмас, тўлов тизими қулайлаштирилиши керак, бу ҳақиқат. Аммо тизимни бутунлай бекор қилиш муаммони ҳал қилмайди.

«Энг тўғри йўл — такомиллаштириш, тартибни сақлаган ҳолда қулайликни ошириш, деб биламан. Шу билан бирга, пиёдалар йўли бўлган жойлар ўзбошимча парковка қилинган, қонуннинг ўзидаям бироз камчиликлар бор, такомиллашиши керак деб биламан», - деган блогер.

Теглар

Мавзуга оид

Тошкентдаги «пулли парковкалар»ни бекор қилиш бўйича жамоавий мурожаат яратилди. Аксар фаоллар бунга қарши | Vaqt.uz