Logo

Тошкентдан Андижон ва Термизга тезюрар поездлар йўлга қўйилади

Бугун 12:252 дақиқа

Ўзбекистонда темирйўл қатновини модернизация қилиш доирасида Тошкент–Андижон ва Тошкент–Термиз йўналишларида ҳам «Жалолиддин Мангуберди» поезди ҳаракатини йўлга қўйиш режалаштирилмоқда.

Тошкентдан Андижон ва Термизга тезюрар поездлар йўлга қўйилади © uzbekistan railways

Ўзбекистон ушбу икки йирик йўналишда юқори тезликдаги темирйўл қатновини ташкил этиш учун янги электропоездлар харид қилиш бўйича 10 июн куни Жанубий Кореяда музокара бўлиб ўтди.

Учрашувда «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ бош муҳандиси Шарофиддин Қодиров, Транспорт вазирлиги бўлим бошлиғи Анвар Душаев ҳамда Кореянинг «Hyundai Rotem» компанияси президенти Ли Ён Бэ иштирок этди. Томонлар амалдаги ҳамкорлик лойиҳалари ва истиқболдаги режаларни кўриб чиқди.

Музокараларнинг асосий мавзуларидан бири «Ўзбекистон темир йўллари» учун ишлаб чиқарилаётган «Жалолиддин Мангуберди» номли юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоездни етказиб бериш жараёни бўлди. Томонлар лойиҳанинг белгиланган муддатларда амалга оширилиши бўйича маълумот алмашди.

Янги поездлар харид қилинади


Учрашув давомида Тошкент–Андижон ва Тошкент–Термиз йўналишларида юқори тезликдаги поездлар ҳаракатини йўлга қўйиш учун 8 та замонавий электропоезд етказиб бериш лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди.

Хусусан, мазкур поездларнинг техник хусусиятлари ва уларни харид қилиш шартларига оид техник талабларни якуний келишиш масалалари кўриб чиқилди.

Мутахассислар фикрича, юқори тезликдаги қатновларнинг кенгайиши йўловчилар учун сафар вақтларини қисқартириш, ҳудудлар ўртасидаги транспорт алоқаларини яхшилаш ва иқтисодий фаолликни оширишга ёрдам беради.

Учрашув якунида Ўзбекистон ва «Hyundai Rotem» вакиллари ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича келишувга эришди.

Томонлар қўшма лойиҳаларни самарали амалга ошириш, янги ташаббусларни ишлаб чиқиш ва темирйўл соҳасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш учун саъй-ҳаракатларни давом эттиришини маълум қилди.

Теглар

Мавзуга оид