Тошкентнинг қатор ҳудудларида электр таъминотида узилишлар кузатилмоқда
«Sveta.Net» маълумотларига кўра, пойтахтнинг турли туманларида электр таъминотидаги узилишлар ҳақида ўнлаб мурожаатлар қайд этилган.
© iStock/MushroomsArtSeven15 июль куни «Sveta.Net» платформасининг онлайн харитасида Тошкент шаҳрининг турли ҳудудларида электр таъминоти билан боғлиқ узилишлар қайд этилди.
Харитадаги маълумотларга кўра, соат 15:55 ҳолатига 180 та электр узилиши қайд этилган. Шундан 110 таси фойдаланувчилар томонидан тасдиқланган, яна 246 та хабар Телеграм-канал орқали келиб тушган.
Узилишлар асосан Яккасарой, Шайхонтоҳур, Олмазор, Юнусобод, Мирзо Улуғбек, Чилонзор туманларида қайд этилган.

Харитада қизил белгилар тасдиқланган аварияларни, сариқ белгилар эса тасдиқланиши кутилаётган ҳолатларни англатади.
Ҳозирча электр узилишларининг сабаблари ҳамда уларни бартараф этиш муддати юзасидан расмий изоҳ эълон қилинмаган.
Эслатиб ўтамиз, 14 июль куни электр энергияси истеъмоли бўйича янги суткалик рекорд қайд этилгани ҳақида хабар берилганди.
Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, бир кунда мамлакат бўйича 284 миллион kWh электр энергияси истеъмол қилинган. Бу кўрсаткич 13-июл куни ўрнатилган ёзги рекорд — 278,6 миллион kWh, шунингдек, 2026 йил 24 январда қайд этилган қишки максимал кўрсаткич — 283 миллион kWh'дан ҳам юқори бўлди.
Шу билан бирга, суткалик электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми ҳам рекорд даражага чиқди. 14-июл куни мамлакатда 287,3 миллион kWh электр энергияси ишлаб чиқарилди. Бу қишдаги энг юқори ишлаб чиқариш ҳажмидан 9,7 миллион kWhёки 3,49 фоизга кўпдир.
Энергетика вазирлиги юқори юклама даврида электр таъминотини барқарор сақлаш мақсадида авариявий-тиклаш бригадалари кучайтирилган тартибда фаолият юритаётганини маълум қилди.





