Тошкентнинг тунги фаоллиги нега фақат марказий туманлар билан чекланиб қолмоқда?

Бугун 08:552 дақиқа

Тадқиқотга кўра, пойтахтда соат 23:00 дан кейин бизнес фаоллиги сезиларли даражада пасаяди. шунинг учун, тунги иқтисодиёт бўйича ҳоким ўринбосари лавозимини жорий этиш ва дам олиш кунлари метро иш вақтини 01:00 гача узайтириш тавсия этилмоқда

Тошкентнинг тунги фаоллиги нега фақат марказий туманлар билан чекланиб қолмоқда?

Тошкент шаҳридаги 1587 та кўнгилочар масканнинг 75 фоизи (1185 та) кечки 20:00 дан кейин, 65 фоизи (1029 та) 22:00 дан кейин фаолият юритади. Соат 00:00 га келиб фақат 31 фоиз (501 та) объект ўз ишини давом эттиради. Бу ҳақда Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) томонидан ўтказилган янги тадқиқотда маълум қилинди.

Тадқиқот доирасида «OpenStreetMap» маълумотлари асосида Тошкентдаги 1587 та кўнгилочар ва хизмат кўрсатиш маскани таҳлил қилинди. Унга кўра, тунги фаолликнинг асосий қисми гастрономик масканлар ҳиссасига тўғри келади: кафелар (20,6 фоиз), ресторанлар (17,3 фоиз) ва фастфуд шохобчалари (14,6 фоиз).

Ҳудудий таққослаш

Тунги фаоллик асосан шаҳар марказида — Яккасарой (131 та объект) ва Миробод (112 та объект) туманларида тўпланган. Шаҳар марказидан узоқлашган сари фаоллик сўнади. Хусусан, Сергели (36 та), Бектемир (26 та) ва Янгиҳаёт (15 та) туманлари «тунги фалаж зоналар» деб таърифланган.

Таъкидланишича, ушбу ҳудудларда тунги хизматларнинг йўқлиги аҳолининг марказга оқиб келишига ва натижада транспорт тизимига ортиқча юклама тушишига сабаб бўлмоқда.

Чекловчи омиллар

МҲТИ экспертлари тунги фаолликни бўғувчи асосий омил сифатида жамоат транспорти ва хавфсизлик инфратузилмасини кўрсатмоқда.

Жумладан, пойтахтдаги 164 та автобус йўналишининг 108 таси соат 23:00 гача ишлайди, метрополитен эса соат 00:00 да ўз фаолиятини тўхтатади. Бу тунги ишчилар ва истеъмолчилар учун арзон транспорт имкониятини йўққа чиқаради.

Қолаверса, сунъий йўлдош маълумотлари (SDGSAT-1) асосида ўтказилган регрессия таҳлили шуни кўрсатдики, ҳудудда ёритилганлик даражасининг ҳар 100 DN бирликка ошиши бизнеснинг 22:00 дан кейин ишлаш эҳтимолини 23 фоиздан 54 фоизгача оширади.

Ривожлантириш бўйича тавсиялар

Лондон, Амстердам ва Шанхай каби мегаполислар тажрибасига таянган ҳолда, МҲТИ Тошкент учун қатор ўзгаришларни таклиф этмоқда. Энг диққатга сазовор таклиф — Тошкент шаҳар ҳокимиятида Тунги иқтисодиётни ривожлантириш бўйича ҳоким ўринбосари лавозимини жорий этишдир.

Шунингдек, дам олиш кунлари метро иш вақтини соат 01:00 гача узайтириш ва Сергели, Учтепа, Бектемир каби туманларни марказ билан боғловчи махсус тунги автобус йўналишларини йўлга қўйиш тавсия этилган.

Бундан ташқари, тўртта туманни (Сергели, Учтепа, Янгиҳаёт, Бектемир) марказ билан боғловчи тунги жамоат транспорти йўналишларини йўлга қўйиш тавсия этилган. Шаҳар ҳудудларини тунги фаоллик даражасига кўра 3 та тоифага ажратиш ва ҳар бири учун алоҳида дастур ишлаб чиқиш белгиланган.

24 соат ишлайдиган жамоат санитария нуқталари (ҳожатхоналар), тунги навигация белгилари ва пиёдалар йўлакларини тўлиқ ёритиш таклифлари берилган. Кечки ва тунги вақтда чиқиндиларни йиғишнинг алоҳида режимини жорий этиш зарурлиги таъкидланган.

Мавзуга оид