Logo

Трамп 60 та давлат товарларига янги божлар киритмоқчи

Янги божлар миқдори 10 фоиздан 12,5 фоизгача бўлиши кутилмоқда.

Трамп 60 та давлат товарларига янги божлар киритмоқчи

АҚШ президенти Доналд Трамп дунёнинг 60 та мамлакатидан келтириладиган товарларга янги божлар жорий қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Financial Times» хабар берди.

Манбаларнинг сўзларига кўра, божлар шу ҳафтанинг ўзидаёқ жорий этилиши мумкин. Янги чоралар жума куни АҚШ импортининг катта қисмига нисбатан қўлланилаётган амалдаги 10 фоизлик бож муддати тугаганидан сўнг кучга кириши айтилмоқда.

Трамп маъмурияти мазкур қарор учун ҳуқуқий асос сифатида 1974 йилдаги АҚШ Савдо тўғрисидаги қонунининг 301-моддасига мувофиқ март ойида бошланган терговни кўрсатмоқда. Ушбу тергов мажбурий меҳнатдан фойдаланиш ҳолатларига қаратилган.

Шу билан бирга, маъмурият томонидан бошқа савдо терговлари ҳам олиб борилмоқда. Бу эса келажакда ҳукуматга янада юқорироқ божлар киритиш имконини бериши мумкин.

Трампнинг аввалги «савдо урушлари»

Маълумот учун, Доналд Трамп ўзининг аввалги президентлик муддатида (2017-2021 йиллар) ҳам фаол протекционистик сиёсат олиб борган эди. Ўшанда у Хитой, Европа Иттифоқи ва бошқа қатор давлатлардан импорт қилинадиган пўлат, алюминий ҳамда бошқа товарларга юқори божлар жорий қилиб, глобал миқёсда «савдо уруши»ни келтириб чиқарган.

Эслатиб ўтамиз, Доналд Трамп ўзининг сайловолди кампанияларида АҚШ иқтисодиёти ва маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш мақсадида хориждан келтириладиган барча импорт товарларига камида 10 фоизлик базавий (универсал) бож жорий этишни кўп бор ваъда қилган эди.

Теглар

Мавзуга оид

Трамп 60 та давлат товарларига янги божлар киритмоқчи | Vaqt.uz