
Трамп маъмурияти Эронга зарба бериш вариантларини муҳокама қилди
АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Эрондаги оммавий норозиликлар ва куч билан бостириш хавфи ортида эҳтимолий ҳарбий зарбалар сценарийларини муҳокама қилди.

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти доирасида Эронга қарши эҳтимолий ҳарбий ҳаракатлар юзасидан маслаҳатлашувлар ўтказилди. «The Wall Street Journal» нашри ўз манбаларига таяниб хабар қилишича, муҳокамалар Эрондаги норозилик намойишларини ҳукумат томонидан кескин бостириш эҳтимоли билан боғлиқ ҳолда олиб борилган.
Нашр манбаларидан бирига кўра, муҳокама қилинган вариантлар орасида Эроннинг бир қатор ҳарбий объектларига кенг кўламли ҳаво зарбаси бериш сценарийси ҳам бўлган. Бироқ бошқа манбанинг таъкидлашича, маъмурият ичида бу борада ягона позиция мавжуд эмас, шунингдек, эҳтимолий операцияга тайёргарлик сифатида ҳарбий техника ёки шахсий таркибни кўчириш ишлари амалга оширилмаган. WSJ манбалари бу каби маслаҳатлашувлар одатий стратегик режалаштириш доирасида эканини ва яқин орада зарба бериш аломатлари кузатилмаётганини қайд этмоқда.
Вазият Эрон қуролли кучларининг баёнотларидан сўнг янада кескинлашди. 10 январ куни Эрон армияси оммавий норозиликларни бостиришга қўшилишга тайёр эканини маълум қилди. Ҳарбийлар «миллий манфаатлар, стратегик инфратузилма ва давлат мулкини қатъий ҳимоя қилиш»ини билдириб, тартибсизликларда Исроил ва «террорчи гуруҳлар»ни айблади ҳамда «душман фитналарини бартараф этиш»га ваъда берди. WSJʼнинг таъкидлашича, бу ҳукуматнинг аввалроқ нисбатан юмшоқ риторикасидан сезиларли кескинлашув ҳисобланади.
Шу ортидан Доналд Трамп бир неча бор Эрондаги репрессияларни тўхтатиш учун аралашишга тайёр эканини билдирган. «Эрон, эҳтимол, ҳеч қачон бу қадар эркинликка интилиб кўрмаган. АҚШ ёрдам беришга тайёр», — деб ёзди у 10 январ куни.
Эронда оммавий норозиликлар 28 декабрь куни иқтисодий инқироз фонида бошланиб, қисқа вақт ичида олий раҳбар Али Хоманаий истеъфосини талаб қилган сиёсий акцияларга айланди. HRANA ҳуқуқ ҳимоя ташкилоти маълумотларига кўра, икки ҳафта ичида камида 65 киши ҳалок бўлган, ҳибсга олинганлар сони эса 2300 нафардан ошган. «Time» нашри манбаси эса фақат Теҳрон марказида ҳалок бўлганлар сони 217 нафарга етиши мумкинлигини билдирмоқда. Мамлакатда мобил алоқа ва интернет деярли тўлиқ чекланган.
Мавжуд инқироз фонида 1979 йили ағдарилган шоҳнинг ўғли Ризо Паҳлавий намойишчиларни ҳокимиятни қўлга олишга чақириб, Эронга қайтишга тайёр эканини эълон қилди. Шу билан бирга, ғарб разведка манбалари Али Хоманаий Теҳрондан Москвага эвакуация қилиш режасини ишлаб чиққанини даъво қилмоқда.





