add

Трамп маъмурияти Венесуэла ички ишлар вазирини огоҳлантирди

АҚШ Венесуэлада ҳокимият алмашуви жараёнида тартибни сақлашда ёрдам бермаган амалдорларга босимни кучайтирмоқда.

Трамп маъмурияти Венесуэла ички ишлар вазирини огоҳлантирди

АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти Венесуэланинг ички ишлар вазири Диосдадо Кабеллони огоҳлантирди. «Reuters» агентлигига вазиятдан хабардор манбаларнинг маълум қилишича, агар у АҚШ талабларини бажариш ва Николас Мадуро ағдарилгандан кейин жамоат тартибини сақлашда ҳамкорлик қилмаса, у эҳтимолий нишонлар рўйхатининг бошида бўлиши мумкин.

Манбаларга кўра, Кабелло хавфсизлик кучлари устидан назоратга эга бўлган ва инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузишда айбланиб келаётган амалдорлардан бири ҳисобланади. Шу билан бирга, у Трамп маъмурияти вақтинчалик ҳокимият сифатида таяниш мумкин деб ҳисоблаётган айрим Мадуро тарафдорлари қаторида тилга олинмоқда.

АҚШ расмийлари Кабеллонинг репрессив фаолияти ва унинг вақтинчалик президент Делси Родригес билан рақобат муносабатлари сабабли вазиятни издан чиқариши мумкинлигидан хавотирда. Шу боис, бир томондан уни ҳамкорликка мажбурлашга уринишлар давом этса, иккинчи томондан уни ҳокимиятдан четлатиш ва мамлакатдан чиқариш вариантлари ҳам муҳокама қилинмоқда.

Манбаларнинг айтишича, воситачилар орқали Кабеллога, агар у итоат этмаса, Мадуро каби ҳибсга олиниб, АҚШда «наркотерроризм» айбловлари билан суд қилиниши ёки унинг ҳаёти хавф остида қолиши мумкинлигига ишора қилинган. Бироқ таҳлилчилар Кабеллонинг кескин йўқ қилиниши ҳукумат тарафдорлари бўлган «colectivos» каби мототўдаларни кўчаларга олиб чиқиб, кенг миқёсли беқарорликка сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Манбалар эҳтимолий нишонлар рўйхатида Венесуэла мудофаа вазири Владимир Падрино ҳам борлигини таъкидлаган.

Теглар

Мавзуга оид