
Трамп марихуанани оғриқ қолдирувчи дориларга тенглаштирмоқчи
Трамп Вакиллар палатаси раиси Майк Жонсон билан марихуана чекловларини юмшатиш масаласини муҳокама қилди.

АҚШ президенти Доналд Трамп федерал даражада марихуана бўйича амалдаги қатъий чекловларни юмшатишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда The Washington Post хабар берди.
Газета манбаларига кўра, президент бу масалани Вакиллар палатаси раиси Майк Жонсон билан телефон орқали муҳокама қилган. У федерал идораларга марихуанани I тоифадаги моддалардан (суиистеъмол қилиш эҳтимоли юқори, тиббий мақсадларда рухсат этилмаган) III тоифага ўтказишни буюрадиган фармон чиқармоқчи. Бу уни назорат даражаси бўйича айрим кенг тарқалган оғриқ қолдирувчи ва рецепт билан бериладиган бошқа дори-дармонларга тенглаштириб қўяди.
«Бу қадам марихуанани қонунийлаштириш ёки жиноят тоифасидан чиқаришга олиб келмайди, бироқ тадқиқотлар учун тўсиқларни бартараф этади ва қонуний бизнеснинг даромадини оширади», - дея ёзди WP.
The Washington Post таъкидлашича, ушбу маълумот тарқалиши билан АҚШда биржадан ташқари савдоларда Америка марихуана ишлаб чиқарувчиларининг акциялари нархи кескин кўтарилган. Tilray Brands акциялари 28 фоизга ўсдган, SNDL, Canopy Growth ва AdvisorShares Pure US Cannabis акциялари эса 12,5 фоиздан 36,5 фоизгача кўтарилмоқда.
Ҳозирча якуний қарор қабул қилинмаган, бироқ Трамп жамоаси ислоҳотга жамоатчилик қўллаб-қувватлаши ортиб бораётганини кўрсатувчи сўровнома натижаларини ўрганмоқда. Бу қадам марихуанани федерал даражада қонунийлаштирмайди, аммо саноат фаолиятини сезиларли даражада енгиллаштиради.





