
Трамп Россияга киритган санкцияларни бекор қилишга тайёр
АҚШнинг янги тинчлик режаси Украинадаги урушни тўхтатиш бўйича келишувлар эвазига Россиядан санкцияларни бекор қилишни назарда тутади.

Россияга қарши санкциялар АҚШ таклиф этаётган тинчлик битими доирасида бекор қилиниши мумкин. Режа ҳудудий ён беришлар ва Украина қуролли кучларини чеклаш билан боғлиқ шартларни ўз ичига олади. Бу ҳақда Bloomberg ҳужжат билан таниш манбага асосланиб, хабар бермоқда.
Манба таъкидлашича, келишув ҳарбий жиноятларни тергов қилишни тўхтатиш ва Донбассни Россия назоратига ўтказишни назарда тутади. У яна Украина қуролли кучлар сонини қисқартириши ва Россияга нисбатан барча амалдаги санкция чекловларини бекор қилишга рози бўлиши кераклигини қўшимча қилди.
РБК-Украина ҳам шунга ўхшаш маълумотларни келтирган. Нашр манбаси айтишича, лойиҳага уруш давридаги барча жиноятлар учун амництия тўғрисидаги банд киритилган. Унинг таъкидлашича, 28 банддан иборат режа «Россиянинг жаҳон иқтисодиётига тўлиқ қайтишини» кўзда тутади.
ОАВ 20 ноябр куни Украина президенти Володимир Зеленский АҚШ делегацияси билан учрашув ўтказганини хабар қилди. Унга АҚШ армия вазири Ден Дрисколл бошчилик қилган. Суҳбатдошларнинг айтишича, делегация президент Доналд Трамп ташаббуси билан Киевни режани қабул қилишга кўндириш мақсадида ташриф буюрган.
Европа Иттифоқи дипломатлари Украина ва Европа иттифоқчиларининг нуқтаи назарини ҳисобга олмаган ҳолда тасдиқланадиган ҳар қандай келишувларга шубҳа билдирдилар. Улар Россия президенти Владимир Путин фақат ташқи босим остидагина муроса қилишга рози бўлишини таъкидлади.
Вазиятдан хабардор манбаларнинг маълум қилишича, ҳужжат Стив Уиткофф ва Кирилл Дмитриев иштирокида тайёрланган. Уларнинг фикрича, бу режа Москванинг «Lukoil» ва «Роснефт»га қарши санкциялар кучга киришидан қочишга уриниши бўлиши мумкин. Санкцияларнинг амал қилиш муддати 21 ноябрга белгиланган.
Аввалроқ халқаро оммавий ахборот воситалари лойиҳада Украинада хорижий тинчликпарвар кучларни жойлаштиришни тақиқлаш, Украина Қуролли кучлари сонини қисқартириш ва уларнинг қурол-яроғларини чеклаш ҳам кўзда тутилгани ҳақида хабар берган эди. Ҳужжатда, шунингдек, Кремл Украина ёки Европа давлатларига қарши янги ҳужумлар қилмасликка "ваъда бериши" тўғрисидаги банд ҳам мавжуд.





