Трамп Россияга қарши санкцияларни яна бир йилга узайтирди

20.02.2026 | 09:182 дақиқа

АҚШ президенти Доналд Трамп Қрим аннексияси, Донбасс уруши ва Украинага босқин сабаб жорий этилган санкцияларни 2027 йилгача узайтириш қарорини қабул қилди.

Трамп Россияга қарши санкцияларни яна бир йилга узайтирди

АҚШ президенти Доналд Трамп Россияга нисбатан амалдаги санкция режимини яна бир йилга узайтирди. Бу ҳақда Федерал реестрда эълон қилинган расмий билдиришномада айтилди. Ҳужжатга кўра, чеклов чоралари 2026 йил 6 мартдан кейин ҳам ўз кучида қолади.

Узайтириш Жо Байден маъмурияти 2022 йил феврал ойида, Трамп маъмурияти 2018 йил сентябрда ҳамда Барак Обама маъмурияти 2014 йил март ва декабр ойларида жорий этган чекловларни қамраб олади.

Трамп билдиришномада «ушбу фармонларда назарда тутилган ҳаракатлар ва сиёсат АҚШ миллий хавфсизлиги ва ташқи сиёсати манфаатларига фавқулодда таҳдид солишда давом этмоқда» дея таъкидлади. Шу боис президент «санкциявий фавқулодда ҳолат режимини яна бир йилга узайтириш» қарорини қабул қилганини маълум қилди.

Санкциялар тарихи

Вашингтон Россияга қарши илк чекловларни 2014 йил март ойида, Украинадаги воқеалар ортидан жорий этган эди. Кейинги йилларда санкциялар босқичма-босқич кенгайтирилди ва узайтириб келинди.

2022 йилда Россиянинг Украинага қарши тўлиқ босқинидан сўнг чекловлар кескин кучайтирилди. Улар орасида Россия банклари, йирик компаниялар, тадбиркорлар ва юқори лавозимли амалдорларга нисбатан молиявий ва визавий чекловлар мавжуд. Шунингдек, қатор товарлар, технологиялар ва хизматларни Россияга экспорт қилиш тақиқланган.

Бюджет ва геосиёсат

Таҳлилчиларнинг фикрича, санкцияларнинг навбатдаги узайтирилиши Вашингтоннинг Россияга нисбатан қатъий позицияси сақланиб қолаётганини англатади. Бу қарор АҚШ ташқи сиёсатида Украина масаласи устувор йўналиш бўлиб қолаётганини кўрсатмоқда.

Теглар

Мавзуга оид

Трамп Россияга қарши санкцияларни яна бир йилга узайтирди | Vaqt.uz