Трамп Си ва Путинга бирлашишни таклиф қилди
Доналд Трамп Пекинда Си Жинпингга АҚШ, Россия ва Хитой манфаатлари бирлашиши мумкинлигини айтган.

АҚШ президенти Доналд Трамп Хитой раиси Си Жинпингга Россия президенти Владимир Путин билан биргаликда Халқаро жиноят судига қарши ҳаракат қилишни таклиф қилди. Бу ҳақда «Financial Times» нашри хабар берди.
Газета маълумотига кўра, таклиф ўтган ҳафта Пекинда бўлиб ўтган учрашув чоғида билдирилган.
Трамп суҳбат давомида АҚШ, Хитой ва Россия Халқаро жиноят судига қарши курашда умумий манфаатларга эга эканини таъкидлаган.
Нашр Си Жинпингнинг ушбу таклифга қандай муносабат билдирганини очиқламаган. Бироқ Хитой ҳам, Россия ҳам Халқаро жиноят суди аъзоси эмас ва унинг юрисдикциясини тан олмайди.
Трампнинг ташаббуси Вашингтоннинг халқаро институтларга муносабати кескинлашиб бораётган бир пайтда янграмоқда. АҚШ охирги йилларда суд фаолиятини бир неча бор танқид қилган.
Путин ва Нетаняҳуга берилган ордерлар
2023 йил март ойида Халқаро жиноят суди Владимир Путин ҳамда Россиянинг болалар ҳуқуқлари бўйича вакили Мария Лвова-Беловага нисбатан ҳибс ордери чиқарган эди. Суд уларни Украинадан болаларни ноқонуний депортация қилишда масъул деб ҳисоблаган.
2024 йил ноябрида эса суд Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ва мамлакатнинг собиқ мудофаа вазири Йоав Галантни ҳибсга олиш ордерини чиқарди. Улар Ғазодаги уруш ортидан ҳарбий жиноятлар ва геноцидда айбланган.
АҚШнинг босими
2025 йил феврал ойида Доналд Трамп Халқаро жиноят судига қарши санкциялар жорий қилди.
У судни америкаликлар ва Вашингтоннинг яқин иттифоқчиларини «ноқонуний таъқиб қилиш»да айблади.
Трамп маъмурияти АҚШ ва Исроилни «уруш қонунларига қатъий риоя қиладиган армияга эга гуллаб-яшнаётган демократик давлатлар» сифатида таърифлаган.





