Трамп: Тинчлик кенгаши аъзолари Ғазо учун 5 млрд доллардан ортиқ маблағ ажратади

15.02.2026 | 21:412 дақиқа

19 феврал куни Вашингтонда Тинчлик кенгашига аъзо давлатлар етакчиларининг учрашуви бўлиб ўтади.

Трамп: Тинчлик кенгаши аъзолари Ғазо учун 5 млрд доллардан ортиқ маблағ ажратади

АҚШ президенти Доналд Трампнинг маълум қилишича, Тинчлик кенгашига аъзо давлатлар 19 феврал куни бўлиб ўтадиган учрашувда Ғазода қайта тиклаш ва гуманитар ёрдам ишлари учун 5 миллиард доллардан ортиқ маблағ ажратишини эълон қилади.

Бугун, 15 феврал куни «Truth Social» тармоғида ёзган постида Трамп аъзо давлатлар БМТ томонидан рухсат этилган барқарорлаштириш кучлари ва маҳаллий полицияни шакллантириш учун минглаб ходимлар ажратиш мажбуриятини ҳам олганини билдирди.

Президентнинг айтишича, гуруҳнинг биринчи расмий йиғини 19 феврал куни Доналд Трамп номидаги Тинчлик институтида бўлиб ўтади. Яқинда АҚШ Давлат департаменти ушбу институтга президент номи берилганини маълум қилган эди. Учрашувда 20 дан ортиқ давлат делегациялари, жумладан давлат раҳбарлари иштирок этиши кутилмоқда.

Кенгаш ташкил этилиши БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияси билан маъқулланган бўлиб, у Трамп маъмуриятининг Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги урушни якунлаш режасининг бир қисми ҳисобланади.

Исроил ва ҲАМАС ўтган йили мазкур режага розилик билдирган, расмий ўт очишни тўхтатиш режими эса октябрда кучга кирган. Бироқ ҳар икки томон бир-бирини бир неча бор сулҳни бузишда айблаб келмоқда. Ғазо Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, сулҳ бошланганидан бери ҳудудда 590 нафардан ортиқ фаластинлик Исроил ҳарбийлари томонидан ўлдирилган. Исроил эса шу даврда тўрт нафар аскари ҲАМАС томонидан ўлдирилганини билдирган.

Минтақадаги Туркия, Миср, Саудия Арабистони, Қатар ва Исроил каби давлатлар, шунингдек, Индонезия сингари ривожланаётган мамлакатлар кенгашга қўшилган бўлса, йирик жаҳон давлатлари ва АҚШнинг анъанавий ғарб иттифоқчилари нисбатан эҳтиёткор позицияни сақлаб қолмоқда. Кенгашга қўшилганлар орасида Марказий Осиёдан Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳам бор.

Ўзбекистон кенгаш асосчиларидан бири

22 январ куни Швейцариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўтган Жаҳон иқтисодий форуми доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Тинчлик кенгаши низомини имзолади. Мазкур ҳужжатнинг имзоланиши билан Ўзбекистон нафақат ташкилот аъзосига, балки унинг асосчиларидан бирига айланди.

Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурхоновнинг Vaqt.uz'га маълум қилишича, Ўзбекистон Тинчлик кенгашига ҳеч қандай молиявий бадал тўламасдан қўшилган. Тинчлик кенгашининг қоидаларига кўра, ташкилотга аъзолик дастлаб уч йиллик муддатни ўз ичига олади. Бироқ, агар бирор давлат ўз ихтиёри билан биринчи йил давомида 1 миллиард доллар миқдоридаги бадални тўласа, унга кенгашда белгиланган муддатдан кўпроқ вақт давомида қолиш имконияти тақдим этилади.

Қозоғистон ҳам Тинчлик кенгашига қўшилиш учун 1 миллиард доллар миқдоридаги ихтиёрий бадал аъзолик шарти ҳисобланмаслиги, бу ҳар бир иштирокчининг ҳуқуқи эканини айтиб, мамлакат ушбу кенгашга аъзолик бадалисиз қўшилганини маълум қилганди.

Теглар

Мавзуга оид