Трампдан Эронга ултиматум: Чоршанба тонгига қадар Ҳўрмуз очилмаса, электр станциялар йўқ қилинади
Доналд Трамп Эронга 8 апрел тонгигача муҳлат берди. Агар Ҳўрмуз бўғози очилмаса, АҚШ Эроннинг энергия тизими ва кўприкларини бомбардимон қилишни бошлайди.

АҚШ президенти Доналд Трамп ўзининг «Truth Social» тармоғидаги саҳифасида ва «The Wall Street Journal» нашрига берган интервьюсида Эрон раҳбариятига сўнгги муҳлатни очиқлади. Унга кўра, Эрон Тошкент вақти билан 8 апрел, чоршанба тонги соат 05:00 гача Ҳўрмуз бўғозини тўлиқ очиши ва келишувга рози бўлиши шарт.
«Агар улар ваъдасини бажармаса ва бўғозни ёпиқ қолдирса, бутун мамлакат бўйлаб барча электр станциялари ва корхоналаридан айрилади», — дея таъкидлади Трамп.
АҚШ президентининг сўзларига кўра, АҚШ ҳозирда ҳарбий жиҳатдан «жуда кучли мавқеда» ва агар Эрон ултиматумни рад этса, мамлакатни қайта тиклаш учун камида 20 йил керак бўлади. Трамп Эрон инфратузилмасига зарба берилиши натижасида оддий аҳоли азият чекиши мумкинлиги ҳақидаги саволга «Йўқ, уларнинг ўзлари биздан шуни қилишимизни исташмоқда», деб жавоб берди. Унинг фикрича, Эрон халқи ҳозирда «дўзахда яшамоқда» ва режимнинг ўзгаришини интизорлик билан кутмоқда.
Бунга қадар Трамп бир неча бор муҳлатни орқага сурган ва Теҳрон билан «самарали музокаралар» кетаётганини айтган эди. Бироқ Ҳўрмуз бўғози орқали нефт ва газ ташиш тикланмагани оқ уйни кескин чораларга ундамоқда. 6 апрел ҳолатига кўра, минтақада АҚШнинг авиаташувчи гуруҳлари жанговар шай ҳолатга келтирилган ва белгиланган вақт тугаши билан Эроннинг энергия тизимига жаппасига ракета зарбалари берилиши мумкинлигидан огоҳлантирилмоқда.
Инфратузилмалар қамали
Пентагон режасига кўра, биринчи навбатда Эроннинг энг йирик иссиқлик ва гидроэлектр станциялари нишонга олинади. Бу мамлакатни тўлиқ энергиясиз қолдириб, ҳарбий бошқарув ва алоқа тизимларини фалаж қилишга қаратилган. Трамп таъкидлаганидек, кўприкларнинг йўқ қилиниши эса Эрон ичида ҳарбий техникалар ва ресурслар ҳаракатини чеклаб қўяди.
Эрон томони эса Ҳўрмуз бўғозини назорат қилишда давом этаётганини ва ҳар қандай ҳужумга нисбатан Яқин Шарқдаги АҚШ базалари ҳамда технологик корпорациялари объектларига зарба бериш билан жавоб қайтаришини билдирди. Бироқ Трамп маъмурияти Эроннинг ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари аллақачон «деярли йўқ қилинганини» ва Америка авиацияси учун ҳеч қандай тўсиқ қолмаганини даъво қилмоқда.





