Трампнинг режалари ўзгарди: Украина энди АҚШ учун устувор вазифа эмас — FT

Бугун 09:152 дақиқа

Оқ уй раҳбари Доналд Трампнинг Россия-Украина можаросини тинч йўл билан ҳал қилишга бўлган қизиқиши совиб бормоқда. Вашингтоннинг бор эътибори энди Яқин Шарққа қаратилган.

Трампнинг режалари ўзгарди: Украина энди АҚШ учун устувор вазифа эмас — FT

«Financial Times» нашрининг Оқ уйдаги манбаларига таяниб хабар беришича, АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши бошлаган ҳарбий амалиёти Украина масаласини иккинчи планга суриб юборди. АҚШ расмийлари европалик ҳамкасбларини яқин орада Россия нефт саноатига қарши янги санкциялар жорий этилмаслиги ҳақида огоҳлантирган. Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам музокараларда тўхталиш юзага келганини тасдиқлаб, «америкаликларнинг бошқа устувор вазифалари пайдо бўлгани тушунарли», дея баёнот берди.

Вашингтоннинг Эрон можаросига чалғиши Украина ва Европа Иттифоқи учун ҳақиқий «фалокат» сифатида баҳоланмоқда. Устуворликларнинг ўзгариши сабабли АҚШ Европа давлатларини қурол-яроғ етказиб бериш, хусусан, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини юбориш кечиктирилиши ҳақида хабардор қилган.

Европа дипломатияси раҳбари Кая Каллас ҳозирги вазиятни ўта муаммоли деб атади ва Яқин Шарқ ҳамда Украина айни бир хил ҳарбий ресурслар учун «рақобатлашаётганини» таъкидлади.

 

Музокаралардаги мажбурий тўхталиш

Жорий йилнинг январ ва феврал ойларида Абу-Даби ҳамда Женевада Россия, АҚШ ва Украина ўртасида тинчлик ўрнатиш бўйича бир неча раунд музокаралар бўлиб ўтган эди. Бироқ Эрон билан урушнинг бошланиши ушбу жараёнга нуқта қўйди. Украина учун ҳаётий муҳим бўлган Америка ҳарбий ёрдами эндиликда Исроилни қўллаб-қувватлаш ва Форс кўрфазидаги амалиётларга йўналтирилмоқда. Бу эса Киевнинг фронтдаги мавқеини заифлаштириши мумкин.

Европа Иттифоқи раҳбарлари АҚШнинг Украинага нисбатан қизиқиши пасайганидан чуқур хавотирда. Вашингтоннинг Россия нефтига санкциялар киритмаслик ҳақидаги қарори эса Кремл учун иқтисодий имкониятларни кенгайтиради. Экспертларнинг фикрича, Трамп маъмурияти бир вақтнинг ўзида иккита йирик фронтда фаол бўлишни истамаяпти ва бор кучини Эрон режимини ағдаришга сафарбар қилган.

Украинадаги можарони ҳал қилиш бўйича навбатдаги музокаралар қачон тикланиши ҳозирча номаълум. Трампнинг «тезкор тинчлик» ваъдаси Эрон уруши соясида қолиб кетди. Бу эса Россияга фронтдаги ҳаракатларини давом эттириш ва сиёсий талабларини қатъийлаштириш учун қўшимча вақт беради.

Теглар

Мавзуга оид