
Trump Media акциядорлари учун янги криптотокен чиқаради
Trump Media акциядорлари учун янги рақамли токен чиқаради, у акцияларга боғланмайди ва асосан бонуслар ҳамда хизматларга кириш имконини беради.

Trump Media and Technology Group (TMTG) янги рақамли токен чиқаришини маълум қилди. Мазкур актив компания акциядорлари ўртасида бепул тарқатилади ва лоялликни рағбатлантириш механизми сифатида ишлайди. Компания ижтимоий тармоқ Truth Social’га эгалик қилади.
Лойиҳа дунёдаги йирик криптобиржалардан бири бўлган Crypto.com билан ҳамкорликда амалга оширилади. Токен Cronos блокчейни асосида чиқарилади. Эмиссия қоидасига кўра, ҳар бир акциядор ўз ихтиёридаги ҳар бир акция учун битта рақамли токен олади.
Bloomberg келтирган маълумотларга кўра, компаниянинг энг йирик акциядори бўлган Доналд Трамп 41 фоиз улушга эга. Шу сабабли янги токенлардан энг катта фойда айнан у олади.
Компания токеннинг ҳуқуқий ва иқтисодий табиатига алоҳида изоҳ берди. Ушбу актив акцияларга эгалик ҳуқуқини бермайди, дивиденд манбаи ҳисобланмайди ва айрим ҳолатларда нақд пулга алмаштириш имкони бўлмаслиги мумкин. Асосий вазифа — акциядорларга Trump Media маҳсулотлари ва хизматларида чегирмалар, бонуслар ва махсус имкониятлар тақдим этиш.
Янгилик бозор томонидан эҳтиёткор оптимизм билан қабул қилинди. Премаркет савдоларида Trump Media’нинг DJT тикеридаги акциялари тахминан 3,3 фоизга ўсди.
Бу ташаббус Трамп атрофида шаклланаётган кенгроқ криптоэкотизимнинг бир қисми ҳисобланади. Илгарироқ оилага тегишли World Liberty Financial DeFi лойиҳаси, WLFI токени, USD1 стейблкоини ҳамда TRUMP мемкойни ишга туширилган эди. 2025 йил январидан кейин АҚШда крипторегуляция муҳити ҳам сезиларли даражада юмшади.





