Туман ва шаҳар ҳокимликлари учун янги бинолар қурилади

2026 йилга қадар танлаб олинган туман ва шаҳарларда маҳаллий бошқарув органлари учун замонавий маъмурий бинолар қурилади, уларнинг қуйи қаватлари эса бизнес фаолияти учун ажратилади.

Туман ва шаҳар ҳокимликлари учун янги бинолар қурилади

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Жадал комплекс ривожлантириш учун танлаб олинган туман (шаҳар)ларда маҳаллий бошқарув органларини оптимал жойлаштириш орқали уларнинг бино ва иншоотлари ўрнида бизнес лойиҳаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 668-сон қарор қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Ҳужжат президентнинг 2025 йил 1 апрелдаги ПҚ–132-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган бўлиб, унга мувофиқ жадал комплекс ривожлантириш дастурлари ҳамда маҳаллий бошқарув органларини бир жойда жамлаш бўйича рўйхат тасдиқланди.

Қарорга кўра, туман ва шаҳар ҳокимликлари учун янги маъмурий бинолар барпо этилади. Ушбу бинолар фойдаланишга топширилгандан сўнг, уларнинг биринчи ва иккинчи қаватлари устувор равишда савдо ҳамда сервис фаолияти учун ажратилади. Ижара ишлари «E-auksion» электрон савдо платформаси орқали очиқ онлайн-аукцион тарзида амалга оширилади.

Лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш, қурилиш-монтаж ва ободонлаштириш ишларини ташкил этиш бўйича буюртмачи сифатида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда вилоят ҳокимликлари ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниялари белгиланди. Бош лойиҳа ва пудрат ташкилотлари қонунчилик талабларига кўра танланади.

Барча ишларни 2026 йил 1 декабрга қадар якунлаш режалаштирилган. Янги маъмурий бинолар маҳаллий бошқарув тизимининг самарадорлигини ошириш, аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш ҳамда тадбиркорлик фаолияти учун қўшимча имконият яратиши кутилмоқда.

Теглар

Мавзуга оид