
Туристик стартаплар учун 1 млрд сўмгача субсидиялар ажратилади
Президент томонидан қабул қилинган янги қарор билан туризм соҳасини ривожлантириш мақсадида қатор имтиёзлар жорий этилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Туризм қўмитаси фаолиятини ташкил этиш ва туризм соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.
Унга кўра, 2026 йил 1 февралдан бошлаб чет эл фуқаролари томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан чиқиб кетишда аввал харид қилинган товарлар учун тўланган қўшилган қиймат солиғи суммасини қайтариш уларнинг хоҳишига кўра нақд пул шаклида амалга оширилиши мумкин.
2026 йил 1 мартдан бошлаб Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан туристик стартапларни – янги турдаги туризм хизматларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизи, бироқ 1 млрд сўмдан кўп бўлмаган миқдорда ҳар йили энг яхши 10 тагача лойиҳаларга субсидиялар ажратилади.
Шунингдек, жамғарма ҳисобидан меҳмонхоналарнинг Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланадиган рўйхатда назарда тутилган халқаро эътироф этилган «яшил» сертификатларни олиш билан боғлиқ харажатларининг 50 фоизи қоплаб берилади.
Қарорга мувофиқ, 2026 йил 1 апрелдан бошлаб халқаро конференциялар ва тадбирларни (MICE туризм) ташкил қилиб, унга камида 100 нафар чет эллик туристни жалб қилган тадбиркорлик субъектларига ушбу тадбирларни ташкил қилишда улар томонидан тўланган қўшилган қиймат солиғи суммаларининг 50 фоизини қайтариш тартиби жорий этилади.
2030 йил 1 январга қадар «Brand Finance» компаниясининг топ-50 талик рейтингига кирувчи бренд билан дастлабки келишувларга эга меҳмонхона қурилишини бошлаган тадбиркорлик субъектлари қуриш ва жиҳозлашда мазкур бренднинг талабига билан олиб келинадиган асбоб-ускуналар, техника, транспорт воситалари, мебел ва инвентарларига божхона божи тўланмайди.





