
Туризм соҳасидаги тадбиркорлар импорт қиладиган автобуслардан 2027 йилгача бож олинмайди
Туризм соҳаси субъектлари импорт қиладиган транспортларнинг сонидан қатъий назар, уларга 1 та сертификат берилади. Шунингдек, Ўзбекистонда филм оладиган хорижий кинокомпанияларга харажатларининг бир қисмини қайтарилади.

Президентнинг янги қарорига кўра, 2027 йил 1 январга қадар туризм соҳаси субъектлари томонидан импорт қилинадиган автобус, электробус ва микроавтобуслар божхона божидан озод этилади.
Ушбу қарорга кўра, Қорақалпоғистон Республикасида рўйхатга олиниб, лицензияга эга бўлган туроператорларга, истисно тариқасида, экстремал турларни ташкил қилиш учун двигател ҳажми 2,4 литрдан кам бўлмаган юқори ўтиш қобилиятига эга транспорт воситалари импорт қилинаётганда божхона божи ва утилизация йиғимини амалдаги ставканинг 25 фоизи миқдорида 3 йил муддатга бўлиб-бўлиб тўлашга рухсат этилади.
Шунингдек, туризм соҳаси субъектлари томонидан импорт қилинадиган автобус, электробус ва микроавтобусларнинг сонидан қатъий назар, уларга битта сертификат беришга рухсат этилади.
Бундан ташқари, янги ташкил этилган Туризм қўмитаси Ўзбекистон ҳудудида ўз филмларини яратишда хорижий кинокомпанияларга харажатларнинг бир қисмини қайтаришни (Rebate) мувофиқлаштирувчи масъул давлат органи ҳисобланади.
2026 йил 1 мартдан бошлаб Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан нуфузли хорижий кинокомпаниялар билан бирга олинган филмлардаги Ўзбекистоннинг туристик жозибадорлиги, тарихий-маданий мероси ва бошқа муҳим ижобий жиҳатларини намойиш қилувчи қисмини (эпизодини) яратганлик учун ҳақ тўлаш тартиби жорий этилади.
Маълумот учун, аввалроқ президент фармони билан 2025 йил 1 августгача туризм соҳасидаги тадбиркорлар томонидан импорт қилинадиган автобус ва микроавтобуслар божхона божидан озод этилганди.





