Туркистонда Ўзбекистон қурган масжид очилади
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Туркистон шаҳрида Ўзбекистон томонидан қурилган янги жоме масжиди билан танишди.
© prezident.uzТуркистон шаҳридаги амалий ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Ўзбекистон томонидан барпо этилган янги жоме масжидини кўздан кечирди. Мазкур мажмуа Туркистон шаҳрининг янги маънавий ва меъморий марказларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.
Масжид мажмуаси
Масжид мажмуасининг умумий майдони 7 гектардан зиёд бўлиб, бир вақтнинг ўзида 5 мингдан ортиқ намозхонни қабул қилиш имкониятига эга. Иншоот тўртта 70 метрлик минора, асосий ибодат зали ҳамда анъанавий айвонлардан иборат уч қаватли бинодан ташкил топган.
Мажмуа Ислом ва Шарқ меъморчилигининг энг яхши анъаналари асосида қурилган. Унда миллий нақшлар, шарқона гумбазлар ва баланд миноралар замонавий қурилиш технологиялари билан уйғунлаштирилган. Ички безак ишларида ислом хаттотлиги ва наққошлик санъати элементларидан кенг фойдаланилгани қайд этилди.
Шунингдек, атрофдаги 4,2 гектар ҳудудни ободонлаштириш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Лойиҳа доирасида яшил ҳудудлар, пиёдалар йўлаклари, дам олиш масканлари, фавворалар ва замонавий ёритиш тизимлари барпо этилмоқда.
Расмийлар ушбу масжид Ўзбекистоннинг Қозоғистон халқи ва Туркистон аҳолисига туҳфаси эканини таъкидлаб, уни икки давлат ўртасидаги кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва иттифоқчилик муносабатларининг ёрқин рамзи сифатида баҳоладилар. Ташриф якунида Қуръон тиловат қилиниб, халқлар тинчлиги ва фаровонлиги учун дуо қилинди.





