Туркия инвестицияси Ўзбекистонда 23 баробарга ўсди

Марказий Осиёга йўналтирилаётган турк капитали кескин ортиб, Ўзбекистон асосий инвестиция манзилига айланган.

Туркия инвестицияси Ўзбекистонда 23 баробарга ўсди

Туркия сўнгги беш йилда Марказий Осиё мамлакатларига киритган инвестицияларини 3,4 баробарга оширди. 2025 йил ўрталарига келиб уларнинг умумий ҳажми 8,6 миллиард долларга етди. Бу ҳақда Евроосиё тараққиёт банки ҳисоботида маълум қилинди.

Охирги бир ярим йилнинг ўзида инвестициявий фаоллик қарийб 40 фоизга ўсиб, қўшимча 2,4 миллиард долларлик сармоя жалб этилган.

Ўзбекистон асосий сармоя ҳудуди

Минтақадаги турк инвестиция портфелининг қарийб 75 фоизи Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳиссасига тўғри келади. Энг юқори ўсиш суръатлари айнан Ўзбекистонда қайд этилган. Сўнгги ўн йилда Туркиядан киритилган сармоя ҳажми 130 миллион доллардан 3,1 миллиард долларгача етган. Бу 23 баравардан ортиқ ўсишни англатади.

Ўзбекистондаги энг йирик лойиҳалар қаторидан Жиззахдаги иссиқлик электр станцияси қурилиши, «Coca-Cola» заводларини сотиб олиш ва кенгайтириш, шунингдек Сурхондарё вилоятида цемент заводи барпо этилиши ўрин олган.

Қозоғистон ва бошқа минтақавий сармоялар

Қайд этилишича, Қозоғистон Туркиядаги инвестиция иштирокини фаоллаштирмоқда. 2024 йилдан буён жамғарилган тўғридан-тўғри сармоя ҳажми уч бараварга яқин ўсиб, 1,7 миллиард долларга етган. Энг йирик келишув сифатида «Kaspi» компаниясининг «Hepsiburada» маркетплейси назорат пакетини тахминан 1,1 миллиард долларга сотиб олиши қайд этилган.

Маълум бўлишича, Туркманистон ва Қирғизистон ҳар бири тахминан 1 миллиард доллардан турк сармоясини жалб қилган. Туркманистонда асосий лойиҳа Туркманистон–Афғонистон–Покистон электр узатиш тармоғи қурилиши бўлса, Қирғизистонда сармоялар таълим, банк ва кончилик соҳаларига йўналтирилган.

Энергетика ва саноат тармоқлари

Сўнгги йилларда турк капитали учун энг жозибадор тармоқ электр энергияси соҳасига айланган. Унинг инвестиция таркибидаги улуши 2020 йилдаги 14 фоиздан 2025 йилга келиб 37 фоизгача ошган. Шунингдек, қайта ишлаш саноати, транспорт-логистика, агросаноат ва қурилиш соҳаларига ҳам салмоқли маблағлар киритилаётгани қайд этилган.

Теглар

Мавзуга оид

Туркия инвестицияси Ўзбекистонда 23 баробарга ўсди | Vaqt.uz