
Туркия Украинага қўшин юборишга тайёр, аммо...
Анқара Туркия қўшинларини Украинага юбориш бўйича вариантни муҳокама қилишдан аввал тинчликни таъминлаш зарурлигини билдирмоқда.

Туркия Миллий мудофаа вазирлиги 11 ноябр куни Грузия ҳудудида C-130 ҳарбий-транспорт самолёти қулаши оқибатида ҳалок бўлган 20 нафар турк ҳарбий хизматчисининг шахси ҳақидаги маълумотни ижтимоий тармоқларда тарқатган шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатишни сўраб, прокуратурага мурожаат қилди.
Анқарадаги haqqin.az мухбири хабар беришича, бу ҳақда Туркия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Зеки Актюрк 27 ноябр куни ўтказилган ҳафталик матбуот анжуманида маълум қилган.
Унинг айтишича, расмий баёнот берилишидан олдин ҳалок бўлганлар ҳақидаги маълумотларни тарқатганлар орасида истеъфодаги баъзи юқори лавозимли зобитлар ҳам бўлган.
«Қидирув-қутқарув ишлари давом этаётган пайтда, шаҳидларимиз оилаларининг қайғусини ҳисобга олмасдан, ҳалок бўлганлар ҳақидаги маълумотларни биринчи бўлиб эълон қилиш учун ўзаро мусобақалашган ижтимоий тармоқларнинг виждонсиз фойдаланувчилари, жумладан, собиқ ҳарбийлар ҳам аниқланди. Бу кишиларга офицерлар уйларига кириш ҳам тақиқланди», - дея таъкидлади контр-адмирал Актюрк.
Актюрк Украинага тинчликпарвар контингент сифатида турк қўшинлари юборилиши мумкинлиги ҳақидаги фикрларга изоҳ берар экан, бундай эҳтимолни истисно этмади.
«Аввало, Россия ва Украина ўртасида ўт очишни тўхтатиш режимига эришиш керак. Туркия Қуролли кучлари минтақамизда хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ташаббусларига ўз ҳиссасини қўшишга тайёр», - дея таъкидлади у.
Контр-адмирал, шунингдек, Анқара Ливан ва Жанубий Кипр ўртасида имзоланган денгиз келишувини тан олмаслигини билдирди.
«Туркия Шимолий Кипр ҳуқуқларини ҳисобга олмайдиган бирорта шартномани қабул қилмайди. Биз бу келишув Ливан халқи манфаатларига ҳам зид эканига ишонч ҳосил қилдик. Ливанлик ҳамкасбларимизга денгиз соҳаси бўйича ҳамкорликка тайёрлигимизни билдирдик», - деди Мудофаа вазирлиги вакили.





