
Туркия ва Ўзбекистон ўртасида таълим соҳасида ҳамкорлик протоколи имзоланди
Самарқандда ўтаётган UNESCOнинг 43-Бош конференцияси доирасида Туркия ва Ўзбекистон ўртасида имзоланган янги протокол икки мамлакат таълим тизимини яқинлаштириш ва узоқ муддатли ҳамкорликни назарда тутади.

Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтаётган UNESCOнинг 43-Бош конференцияси доирасида Туркия миллий таълим вазири Юсуф Текин ва Ўзбекистон мактабгача ва мактаб таълими вазири Эъзозхон Каримова учрашиб, икки давлат ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масаласини муҳокама қилди.
Учрашувда Юсуф Текин Туркия халқи, хусусан, туркий давлатлар орасида Ўзбекистонга бўлган чуқур ҳурмат ва меҳрни таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда ёшлар сони жуда юқори бўлиб, аҳолининг деярли учдан бири мактабларда таҳсил олаётгани мамлакат келажаги учун муҳим кўрсаткич ҳисобланади.
«Биз Туркия Республикаси Миллий таълим вазирлиги сифатида Ўзбекистон билан ҳар томонлама ҳамкорликка очиқмиз. Бу фақат менинг эмас, балки президентимиз Ражаб Тоййиб Эрдўған ва Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг ҳам умумий хоҳишидир», — деди Текин.
У таъкидлашича, Туркия таълим тизими бугун жаҳон стандартларига мос даражада. OECD ва UNDP ҳисоботларига кўра, мамлакат таълим инфратузилмаси, рақамли технологиялардан фойдаланиш ва ўқитувчилар сони бўйича етакчи ўринларда турибди. Шу сабабли Туркия Ўзбекистон билан тажриба алмашиш ва ўқув дастурларини бойитишга тайёрлигини билдирди.
Текин, шунингдек, 2026 йил июн ойида Истанбулда бўлиб ўтадиган «Таълим технологиялари саммити» ҳамда «I Таълим дипломатияси форуми»га Эъзозхон Каримовани таклиф қилди.
Ўз навбатида, вазир Эъзозхон Каримова Туркия билан ҳамкорликдан мамнун эканини билдириб, таълим соҳасидаги қўшма лойиҳалар, мутахассислар алмашинуви ва ўқув дастурларини биргаликда ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Учрашув якунида икки давлат вазирлари — Юсуф Текин ва Эзозхон Каримова таълим соҳасидаги муносабатларни янада чуқурлаштиришга қаратилган ҳамкорлик протоколига имзо чекди. Ҳужжат таълим муассасалари учун ер ажратиш, уларни қуриш, жиҳозлаш ва бошқариш соҳаларида ҳамкорликни назарда тутади.
1 ноябрдан кучга кирган протокол муддатсиз амал қилади ҳамда Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги таълим, маданият ва спорт соҳаларидаги дипломатик алоқаларга янги босқич бағишлайди.





