
Туркияда стадион, савдо марказлари ва боғларга бошпаналар қуриш мажбурий қилинади
Туркияда хавфсизлик талаблари кучайтирилди: энди барча йирик иншоотларда аҳоли учун бошпаналар қурилиши мажбурий бўлади.

Чиқарилган янги қарорга кўра, Туркияда 5000 нафардан зиёд томошабин сиғадиган ҳар қандай янги стадион лойиҳасида фавқулодда ҳолатлар учун бошпана кўзда тутилиш шарт. Миллий боғлар, метрополитен туннеллари ва савдо марказлари ҳам бошпана сифатида фойдаланишга мос ҳолга келтирилади.
Янги қуриладиган турар-жой бинолари, меҳмонхоналар ва саноат мажмуаларида ҳам бошпана қуриш талаб этилади, деб ёзмоқда GDH нашри.
Жумладан, 10 ва ундан ортиқ хонали уй-жойлар, 50 тадан ортиқ ётоқ ўрнига эга тураргоҳлар, 2 минг квадрат метрдан катта саноат объектлари ва 1 минг метр квадратдан ортиқ расмий бинолар бошпанали бўлиши шарт.
Туркия ҳукумати 2028 йил 31 декабрга қадар мавжуд савдо марказлари, автотураргоҳ ва метро инфратузилмаларини бомбапана талабларига мослаштиришни буюрди. Миллий боғлардаги ерости бошпаналари боғ майдонининг камида 3 фоизини ташкил этиши керак. Савдо марказлари ва автотураргоҳларнинг ертўласида ҳам бошпана қурилиши талаб этилади.
Шунингдек, таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларидаги бошпаналарда тўла 24 соат электр таъминотини таъминловчи генератор, биринчи ёрдам қутиси, муқобил ёритиш ва алоқа ускуналари бўлиши мажбурий. Бошпанада жойлаштириладиган ускуналар қаторида TRT телеканали учун узлуксиз эфирга чиқиш имконини яратадиган техник воситалар ҳам бўлади.
Барча бошпаналар маълумотлари маҳаллий ҳокимликлар орқали вилоят ФВВ бошқармаларига етказилади. Уларнинг ҳолатини назорат қилиш ва доимий тайёр ҳолда ушлаш учун эса бинолар бошқарувчилари масъул ҳисобланади.





