Туркияга Эрондан баллистик ракета учиб келди

04.03.2026 | 19:571 дақиқа

Расмий Анқара жавоб чоралари қўллашга тайёр эканини билдирган.

Туркияга Эрондан баллистик ракета учиб келди

Туркия осмонида баллистик ракета уриб туширилди. Мамлакат Мудофаа вазирлиги ушбу ракетанинг Эрондан учирилганини тасдиқлаб, Туркия бунга жавоб қайтариш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини маълум қилди.

Туркия Мудофаа вазирлигига кўра, ракета Ўрта ер денгизининг шарқий қисмида НАТО Ҳаво ҳудудидан мудофаа (ҲҲМ) воситалари томонидан тутиб қолинган ва зарарсизлантирилган.

Юз берган ҳодиса оқибатида жабрланганлар йўқ. Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ракета Туркия ҳаво ҳудудига Ироқ ва Сурия орқали кириб келган.

«Биз барча томонларни минтақадаги можаронинг янада кенгайишига олиб келиши мумкин бўлган ҳаракатлардан тийилиш зарурлиги ҳақида огоҳлантирамиз», - деб баёнот берди Мудофаа вазирлиги.

Вазирликнинг қўшимча қилишича, Туркия минтақавий барқарорликни қўллаб-қувватлайди, бироқ «хавф қаердан келишидан қатъи назар, ўз ҳудуди ва фуқаролари хавфсизлигини таъминлашга» қодир. «Ҳудудимиз ва ҳаво бўшлиғимизни ҳимоя қилиш учун барча зарур чоралар қатъият билан ва иккиланишларсиз амалга оширилади», — деб огоҳлантирди муассаса.

АҚШ ва Исроил 28-феврал куни Эронга зарбалар берган эди. Шундан сўнг Эрон Исроилга ва Яқин Шарқдаги АҚШнинг иттифоқчиси ҳисобланган мамлакатларга ракеталар ва дронлар билан ҳужум қила бошлади.

Теглар

Мавзуга оид