
Туркияга саёҳатга борган оиланинг вафотига нима сабаб бўлгани айтилди
Гамбургдан Истанбулга бир ҳафтага дам олиш учун келган эр-хотин ва уларнинг икки фарзанди ўлимига зараркунандаларга қарши ишлатилган дори сабаб бўлган.

Туркияга Германиядан бир ҳафтага дам олиш учун келган келган турк-немис оиласининг ўлимига меҳмонхонада зараркунандаларга қарши ишлатилган инсектитсиддан моддаси сабаб бўлган. Бу ҳақда Истанбул прокуратураси кеча, 27 ноябр пайшанба куни суд-тиббий экспертизаси хулосасига таяниб, хабар берди.
Қайд этилишича, оила фосфин гази таъсирида заҳарланган. Илгари тахмин қилинганидек, овқатдан заҳарланиш варианти тасдиқланмади. Шунингдек, оиланинг ўлимига тан жароҳати сабаб бўлганини кўрсатувчи бирор-бир белги аниқланмаган.
Тергов доирасида қўлга олинган олти киши ҳали ҳам тергов изоляторида сақланмоқда. Улар орасида меҳмонхона эгаси ва зараркунандаларга қарши курашувчи компания эгаси ҳам бор. Яна тўрт нафар гумонланувчи аллақачон озодликка чиқарилган. Расмийлар илгари бу иш доирасида оила озиқ-овқат сотиб олган кўча сотувчиларини ҳам ушлаб, сўроқ қилган эди.
Истанбул прокуратураси айнан қайси моддадан фойдаланилганига аниқлик киритмаган. Бироқ ОАВ суд шифокорлари ҳисоботига таяниб, меҳмонхонада заҳарли фосфин гази топилгани ҳақида хабар берди. «Anadolu» давлат ахборот агентлиги хабарига кўра, фосфин меҳмонхона хонасида олинган намунада ҳам, шунингдек сочиқларда ҳам топилган.
Алюминий фосфид кўпинча зараркунандаларга қарши курашда қўлланилади. У сув билан ёки ҳатто ҳаводаги намлик таъсирида заҳарли фосфин газини ажратади. Бу газ сут эмизувчилар организми ҳужайраларини зарарлайди ва юқори концентрацияда қонда кислород транспортини бузади. Фосфин билан нафас олиш йўтал, қусиш, жигар ва буйрак фаолиятининг бузилишига сабаб бўлиши ҳамда ўлимга олиб келиши мумкин.
Турк матбуоти эслатишича, алюминий фосфиди билан боғлиқ шунга ўхшаш фожиа икки йил аввал Анқарада ҳам содир бўлган: ўша пайт икки киши вафот этган, ўн уч киши шифохонага ётқизилган эди.
Эслатиб ўтамиз, 9 ноябр куни Гамбургдан Истанбулга бир ҳафтага дам олиш учун келган, сўнгра Афён-Караҳисардаги бобосини зиёрат қилишни режалаштирган эр-хотин ва уларнинг икки фарзанди бирин-кетин вафот этганди.
Дастлабки тахмин — овқатдан заҳарланиш эди. Бир ҳафта аввал оила Истанбулнинг Ортакöй туманида кўча сотувчисидан мидия олиб еган. Кейин эса ресторанда маҳаллий таом — кокореч ва тавук тантуни буюртма қилиб овқатланган.
Шундан сўнг улар Фатиҳ туманида меҳмонхонага қайтишдан олдин ўзларига раҳат-лукум харид қилишган. Кўп ўтмай, уч ёшли Масал ва олти ёшли Кадирда кучли қайт қилиш бошланди. Ота-она — 38 ёшли Сервет ва 27 ёшли Чидем Бёчек — болаларни шифохонага етказишга улгурган, аммо ўша аломатлар тез орада ўзларида ҳам пайдо бўлди.
Тиббий ёрдамдан кейин уларга шифохонадан жавоб беришган ва меҳмонхонага қайтишган, бироқ эртаси куни яна ўткир симптомлар билан шифохонага олиб келинган. Шу ерда болалар ва она вафот этган. Ота эса орадан бир кун ўтиб, ҳаётдан кўз юмган.





