
«Туркманистон темир йўллари» директори Москвада гиёҳванд моддалар билан ушланди
Бу эҳтимол туркман амалдорининг хорижда ҳибсга олиниши билан боғлиқ биринчи ҳолат бўлса керак.

Москванинг Домодедово аэропортида Туркманистоннинг «Demiryollary» («Туркман темир йўллари») компанияси бош директори Хидир Раҳмонов ва унга ҳамроҳлик қилган аёл қўлга олинди. Бу ҳақда Turkmen.news ўз манбаларига асосланиб, хабар берди.
«Амалдор ва унинг «жазмани» шахсий буюмлари текширилганда тақиқланган препаратлар топилди», - дейилади хабарда.
Нашр маълумотларига кўра, амалдор ва унинг ҳамроҳи 4 октябрга ўтар кечаси С7 авиакомпаниясининг рейсида Ашхободдан Москвага учиб келишган.
Божхона назорати пайтида аёлнинг ўзини тутиши шубҳа уйғотиб, ходимларнинг эътиборини тортган. Унинг нарсалари текширилганда ЛLCD - синтетик психоактив модда таблеткалари аниқланган. Иккала йўловчи ҳам зудлик билан ҳибсга олинган.
Туркманистоннинг Россиядаги элчиси Эсен Айдогдиевнинг ишни тўхтатишга уринишларига қарамай, Домодедово шаҳар суди судяси Дина Ханси Раҳмоновни 3 декабргача қамоққа олиш тўғрисида қарор чиқарган.
Бу эҳтимол туркман амалдорининг хорижда ҳибсга олиниши билан боғлиқ биринчи ҳолат бўлса керак. Шу билан бирга, юқори лавозимли давлат хизматчиларининг қамоққа олиниши мамлакат ичида қайд этилган. Масалан, 2003 йилда гиёҳванд моддалар контрабандасида айбланиб, ўша пайтда республика Бош прокурори лавозимида ишлаган Қурбонбиби Отажонова қамоққа олинган эди.
«Demiryollary» корхонаси 2020 йилда ўша пайтдаги давлат раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедовнинг қарори билан «Turkmendemirollari» агентлиги (ҳозирги Темир йўл транспорти вазирлиги) негизида ташкил этилган. Компания мамлакат темир йўл инфратузилмасининг бир қисмига эгалик қилади, йўловчи ва юк ташиш билан шуғулланади, кўприклар ва бошқа иншоотлар қуради. Раҳмонов ташкилот тузилганидан буён унга раҳбарлик қилиб келмоқда. Унинг туғишган акаси Аркач Раҳмонов Туркманистон президенти қўриқлаш хизматининг офицеридир.





