Logo

Туркманистонда ўзбек SIM-карталарига қарши рейдлар бошланди

Бугун 18:252 дақиқа

Дашогуз вилоятида полиция хориж SIM-карталарини мусодара қилиб, эгаларига жарима солмоқда.

Туркманистонда ўзбек SIM-карталарига қарши рейдлар бошланди

Туркманистоннинг Дашогуз вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар Ўзбекистон билан чегарадош туманларда ўзбек SIM-карталаридан фойдаланувчи аҳолини аниқлаш бўйича рейдлар ўтказмоқда. Бу ҳақда «Озодлик» радиосининг туркман хизмати ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Манбаларга кўра, полиция рейдлар давомида Ўзбекистон операторларига тегишли SIM-карталарни мусодара қилмоқда, уларнинг эгалари эса жаримага тортилмоқда. Айрим ҳолларда фуқаролар бунинг учун 50 минг манатгача жарима солиниши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган.

Хабарда айтилишича, маҳаллий аҳоли чегара ҳудудларида туркман интернети умуман ишламаслиги ёки жуда заиф экани сабаб ўзбек мобил алоқаси ва интернетидан фойдаланишга мажбур.

Вазиятнинг келиб чиқиш сабаби

«Озодлик» маълумотига кўра, рейдларга июл бошида Гўрўғли туманида содир бўлган фожиа туртки берган. Унда бир эркак олти нафар фарзандини ўлдириб, сўнг ўз жонига қасд қилган.

Ушбу воқеа ҳақидаги хабарлар мустақил интернет нашрларида эълон қилингач, хавфсизлик идоралари маълумотлар хорижий алоқа операторлари орқали тарқатилган бўлиши мумкин, деган хулосага келган.

Манбаларнинг таъкидлашича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда хорижий SIM-карталарни махсус ускуналар орқали аниқлаш имконияти йўқ. Шу боис улар асосан маҳаллий аҳоли орасидан чиққан маълумотларга таянаётгани айтилмоқда.

Расмий изоҳ йўқ

Маълум қилинишича, полиция асосан Ўзбекистонга бориб келган фуқароларни текширмоқда. Бу жараёнда қўшнилар ва танишлардан олинадиган маълумотлар ҳам ҳисобга олинаётгани билдирилган.

Туркманистон ҳукумати ҳозирча рейдлар сабаблари юзасидан расмий баёнот бермаган.

Теглар

Мавзуга оид