Туркманистонда янги ўрмон дастури тасдиқланди
Мамлакатда аввал амал қилган миллий ўрмон дастури тажрибаси асосида 2026–2030 йилларга мўлжалланган янги экологик стратегия қабул қилинди.
© Туркманистон давлат нашриёт хизмати2026 йил 2-июн куни Туркманистон президенти Сердар Бердимухамедов томонидан 2026–2030-йилларга мўлжалланган Миллий ўрмон дастури ҳамда уни амалга ошириш режаси тасдиқланди. Бу ҳақда ТДХ давлат ахборот агентлиги хабар берди.
Ҳужжатга кўра, дастур атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат сиёсатининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, иқлим ўзгариши таъсирини камайтиришга қаратилган асосий йўналишларни белгилаш ҳамда экотизимлар ва ўрмон хўжалигининг иқлим ўзгариши оқибатларига бардошлилигини ошириш мақсадида қабул қилинган.
Шунингдек, дастур Туркманистоннинг иқлим ўзгариши бўйича миллий стратегиясини амалга оширишга хизмат қилиши таъкидланади.
Олдинги дастур
Бунгача мамлакатда 2021–2025-йилларга мўлжалланган Миллий ўрмон дастури амал қилган. У Туркманистоннинг табиий ва иқлим шароитларини ҳисобга олган ҳолда ўрмон майдонларини кенгайтириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ҳамда мамлакат томонидан ратификация қилинган халқаро экологик конвенциялар ва дастурлар доирасидаги мажбуриятларни бажариш мақсадида ишлаб чиқилган.





