«У шароитда яшаш мумкинлигига ҳеч ким ишонмайди» – Шавкат Мирзиёев пахта терими йилларини эслади

Давлат раҳбари ўзининг мактаб йилларини эслар экан, ҳар йили 4,5 ой пахта теримида қатнашгани сабабли амалда 11 йиллик таълимнинг фақат 7 йилини мактабда ўтказганини таъкидлади.

«У шароитда яшаш мумкинлигига ҳеч ким ишонмайди» – Шавкат Мирзиёев пахта терими йилларини эслади © prezident.uz

Ўзбекистонда олдин мактаб ўқувчилари ҳар йили 4,5 ой пахта теримида бўлган, улар орасида президент Шавкат Мирзиёев ҳам бор эди. У бугун, 1-июн куни маданият ва санъат ходимлари билан соҳани янада ривожлантириш бўйича келгусидаги устувор вазифаларга бағишланган учрашувда шу ҳақда гапирар экан, зоминлик ўқувчилар пахта теримига Қозоғистонга жўнатилганини айтди.

«Мана мен ҳам қишлоқда ўсганман. Зомин – пахтага ҳеч қандай алоқаси йўқ жаннатмакон бир юрт. Лекин у юртга биров на бир меҳмонхона қурган, на бир йўл қурган, на бир кошона қурган. Ҳеч балоси йўқ. Бизни 500 км масофадаги пахтага олиб келиб ташларди, 4,5 ой пахтада бўлардик», – деди президент.

У аттестатида 11 йил ўқигани ёзилган бўлсада, мактабга 7 йил борганини, чунки ҳар йилги 4,5 ойлик пахта терими билан шунга тўғри келганини қайд этади.

«Одамлар ўйлайди, бу мактабга бормаган экан, қанақа бу лавозимларга эришган бўлса керак деб. Йўқ, ундай эмас. Ҳар йили 4,5 ой пахтада бўлардик. Қозоғистонга олиб келиб ташларди биз зоминликларни. Уйдагилар келиб кўра олмасди, шароитимиз... Ана энди юмшоқ айтганда, кўрганлар билади, эшитганлар билади, лекин уни айтиш ҳозир, айтсанг ҳам ҳеч ким ишонмайди, у шароитда яшаш мумкинлигига. Яшаганмиз шу шароитда!» – дейди Шавкат Мирзиёев.

 «Лекин мен жуда катта зиёлилардан ҳам кўп-кўп эшитишни хоҳлайман, мана шу маданият ходимларимиздан ҳам эшитишни хоҳлайман. Оддий гап – президентни қўллаб-қувватлаш эмас, ўша кунлар нима эди-ю, ҳозир нима? Тасаввур қилинглар, 4 ярим ой мактабда бўлмаган ўқитувчининг билим савияси нима бўлади? 4 ярим ой бўлмаган ўқувчининг шароити нима бўлади, деган саволга зиёлилардан ҳам кўп чиройли гаплар эшитаман, лекин буни бирорта одам эсдан чиқариб юборди. Яхшилик тез унутилади десак, шунинг учун мен бу гапларни сизларга айтмасам кимга айтаман?

Шунинг учун биргаликда, мана бугун ҳам жуда катта ислоҳотлар тўғрисида таклифларим бор, агар сизлар қўллаб-қувватласангизлар, барибир маънавиятни, маърифатни, ўзлигимизни англаш сизларга боғлиқ», – деди давлат раҳбари.

Теглар

Мавзуга оид