add

Украина аҳолиси кескин камаймоқда

Бугун 12:25772 дақиқа

Уруш, миграция ва туғилишнинг пасайиши Украинада демографик инқирозни янада чуқурлаштирмоқда.

Украина аҳолиси кескин камаймоқда

Украина аҳолиси 2022 йилда уруш бошланганидан бери 42 миллиондан тахминан 36 миллионгача қисқарди. Бу ҳақда Reuters Украина Миллий фанлар академияси Демография ва ижтимоий тадқиқотлар институти маълумотларига таяниб хабар берди. Мутахассислар ҳозирги динамика сақланса, 2051 йилга бориб аҳоли 25 миллионга тушиши мумкинлигини таъкидламоқда.

Аҳоли қисқаришига бир вақтнинг ўзида бир нечта омиллар таъсир қилмоқда:

2022 йилдан кейин миллионлаб фуқаролар мамлакатни тарк этган;

Туғилиш тарихий минимумга тушди;

Уруш, турмуш шароитининг ёмонлашуви ва тиббий чекловлар туфайли ўлим даражаси ошди;

Аҳолининг катта қисми хорижда қолмоқда ва яқин келажакда қайтишни режалаштирмаяпти.

Украина 2001 йилдан буён расмий аҳоли рўйхатини ўтказмагани учун демографик баҳолар статистик моделлар ва миграция маълумотларига асосланади. Шунга қарамай, энг эҳтиёткор прогнози ҳам аҳоли яқин йилларда яна бир неча миллионга камайишини кўрсатади. Бу тенденция статистик ўзгаришдан ташқари, иқтисодиёт ва ижтимоий тизимлар учун жиддий хавф саналади.

Аҳоли миқдорининг пасайиши меҳнат ресурсларининг қисқариши, солиқ тушумларининг камайиши ва ишловчилар-пенсионерлар нисбатидаги мувозанатнинг бузилишига олиб келмоқда. Жамиятнинг тез қариши эса келгуси ўн йилликларда пенсия ва ижтимоий харажатларни сезиларли ошириши кутилмоқда. Агар демографик прогнозлар амалга ошса, Украина Европадаги энг чуқур аҳоли пасайишига дуч келган давлатлардан бирига айланиши мумкин.

Экспертлар давлатга мигрантларни қайтаришни рағбатлантирувчи дастурлар, туғилишни кўллаб-қувватловчи чоралар ва урушдан жабр кўрган ҳудудларни изчил тиклашга жиддий эътибор қаратишни тавсия қилмоқда. Уларнинг таъкидлашича, қўшимча сиёсатларсиз демографик траекторияни тўхтатиш қийин бўлади.

Теглар

Мавзуга оид